Бугун 7 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Таълимсиз тараққиёт, илм-фансиз юксалиш бўлмайди

A A A
Таълимсиз тараққиёт, илм-фансиз юксалиш бўлмайди

Мамлакат келажаги, барча соҳа ва лойиҳалар муваффақияти билимли, замонавий фикрлайдиган, ўз соҳасининг усталари бўлган инсонларга боғлиқ. Шу боис, мамлакатимизда айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бугун қайси соҳани олмайлик, замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирор натижага эришиб бўлмаслиги кундек равшанлашмоқда.

Беш-олти йил муқаддам аксарият мактабларда ёшларнинг сифатли билим олиши учун етарли шароит йўқлиги таълим сифатига салбий таъсир қиларди. Жумладан, бир синфда 30, ҳатто 40 нафаргача ўқувчи ўқиган. Бу ҳам етмагандек, синфхоналарда етарли шароит бўлмаган. Зарур ўқув қуроллари етишмас, синфхоналар етарлича ёритилмас, қишда совуқ, ёзда иссиқ бўларди. Ойлик маоши камлиги туфайли кўплаб эркак ўқитувчилар мактабни ташлаб, ишлаш учун хорижга кетишга мажбур эди.

Яна бир ҳаётий мисол. Илгари ўқитувчилар асосий вазифаси бир четда қолиб, фаолиятига мутлақо алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиларди. Аниқроқ айтганда, улар болаларни ўқитиш, таълим бериш ўрнига бутун кузни пахта даласида ўтказарди. Бу эса нафақат таълим сифатига, балки соҳа ходимларининг касбий муносабатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Кўплаб тажрибали ўқитувчилар кўнгли совуб, севган касбини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш мақсадида таълим тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди.

Биргина сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилди. Ушбу масканларда тарбия олаётган болалар қамрови аввалги 27 фоиздан 67 фоизга кўтарилди. 200 га яқин янги мактаб барпо этилиб, 3 мингдан ортиқ мавжуд умумтаълим муассасаси реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди.

Иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, улар қобилиятини ривожлантириш, мактаб таълимига ўқитишнинг илғор методларини жорий этиш, замонавий билимлар ва чет тилларни пухта ўргатиш мақсадида Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу мактабларнинг ташкил этилгани таълим тизимида юксалишнинг янги босқичини бошлаб берди. Ўз навбатида, юртимиз келажаги учун хизмат қиладиган иқтидорли, қобилиятли, илм-фанга меҳр қўйган ёшларнинг янада кўпайишига замин яратди.

Кучли давлатни салоҳиятли кадрлар қуради

Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Сифатли таълимсиз, малакали кадрларсиз, жамиятда, мамлакатда юксалиш бўлмайди. Халқимизда “билаги зўр бирни йиқар, билими зўр — мингни”, “билак билан битмаган билим билан битар”, “билган билганин ишлар, билмаган бармоғин тишлар” деган мақоллар бежиз айтилмаган.

Зеро, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим-тарбиядир. Шунинг учун юртимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлашга катта куч ва маблағ йўналтирилмоқда. Аёнки, жамиятда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали кечади. Таълим сифати ривожланса, ҳамма соҳада ўзгариш, ривожланиш кузатилади.

Ҳаммамиз ўқиган, замонавий илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ўғил-қизларини шу руҳда тарбиялаган халқлар, давлатлар жадал ривожланиб бораётганини кўряпмиз, гувоҳи бўляпмиз. Шу боис, юртимизда ҳам ёшларнинг шундай юксак даражага кўтарилиши учун зарур имкониятлар ишга солинмоқда.

Ўтган даврда 82 та янги университет ва институт, жумладан, 23 та хорижий олийгоҳ ташкил этилиб, олий таълим муассасаларининг умумий сони 159 тага етди. Мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамрови олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етказилгани ёшларни билимли, рақобатдош кадрлар этиб тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Бу ислоҳотлар ҳали кўзланган марранинг бир қисми, холос. Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларда ҳам таълим соҳасига кенг ўрин берилган.

Хусусан, тараққиёт стратегиясида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш, таълим сифати ва кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида қабул параметрларини 2022 йилда ошириш, жорий йилда ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бу орқали таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси юзага келади, олий таълим муассасалари талабдан келиб чиқиб мутахассис тайёрлайди.

Таълим соҳасидаги янгиланишларнинг асосий қисмини олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади. Шу боис, олий ўқув юртларига қамровни кенгайтириш, таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Биргина мисол: олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар кўпайтирилгани қамров кўламини янада кенгайтирди.

Қабул кўрсаткичи 250 мингга етказилади

Яқингача олийгоҳларга ўқишга кириш жуда қийин эди. Квоталар кам, қабул имтиҳонларида турли муаммолар бор эди. Юртимизда бу масалалар ҳисобга олиниб, олий таълимга қабул квотаси йилдан йилга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, ёшларни билимли, малакали, жаҳон тараққиётига мос мутахассислар этиб тайёрлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қиляпти.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш шу билан чекланиб қолмайди. 2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сони камида 50 тага етказилади. Бу йилнинг ўзида Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилотини ташкил этиш мақсад қилингани ёшлар келажагини таъминлашга қаратилган эзгу ташаббусдир.

Нодавлат олий таълим ташкилоти қанча кўпайса, улар ўртасида соғлом рақобат кучаяди. Сон эмас, сифатга эътибор қаратилади. Ҳар бир олий таълим муассасаси ўз жамоасини илмий салоҳияти юқори профессор-ўқитувчилар билан кенгайтиришга ҳаракат қилади. Асосийси, ёшларнинг ўқишга иштиёқи ошади, таълим сифати юксалади.

Илм — энг катта сармоя

Инсон неча ёшда бўлмасин, сармоясини кўпайтиришни истайди. Чунки ўқиш ва ўрганишдек шарафли ва лаззатли неъмат йўқ. Инсон билими туфайли қадрланади, ҳурмат қозонади. Шу сабабли бугун мамлакатимиздаги каби таълим-тарбияга, ёшлар тақдирига ғамхўрлик кўрсатаётган, катта маблағ йўналтираётган давлат дунёда кам.

Биргина мисол: 2021 йилда эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 мингдан зиёд қиз олийгоҳларга давлат гранти асосида қабул қилинди. Яна шунча талаба қизларнинг контракт пули тўлаб берилди. Аёллар таълимига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ўтган йили олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

Бундан олти йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар қиз таълим олган бўлса, бугун уларнинг сони 400 минг нафарга етди ёки уларнинг улуши 2016 йилдаги 38 фоиздан айни пайтга қарийб 50 фоизга етди.

Шу нуқтаи назардан бугун юртимизда таълим, илм-фанни янада ривожлантириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларни нафақат юртдошларимиз балки, хорижлик экспертлар ҳам эътироф этмоқда. Бу давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтган даврда юртимиз илм-фан ва таълим борасида ўз мавқеи ва нуфузини тиклаганидан далолат.

Таъбир жоиз бўлса, ҳозир кўп давлатлар ўғил-қизлари юртимиз ёшларига ҳавас билан қарамоқда. Сабаби, давлатимиз раҳбари ҳар йили бир неча марта ёшлар вакиллари билан учрашиб, уларнинг интилиши, орзу-истаклари билан қизиқади. Муаммоларини сўрайди ва мутасаддиларга ёшларга эътибор қаратиш кераклигини уқтиради. Бундай эътиборни дунёнинг жуда кўп мамлакатлари аҳолиси орзу қилади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу бежиз эмас. Зотан, илм ва изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланиш, юксалиш бўлмайди.

Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Парламент ахборот маркази масъул ходими

Киритилди: 12:45 11.04.2022. Ўқилди: 4017 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!