Бугун 9 октябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Таклифлар кўп, Арманистон иқтисодий манфаатлардан келиб чиқиб қарор қабул қилади

Таклифлар кўп, Арманистон иқтисодий манфаатлардан келиб чиқиб қарор қабул қилади

Арманистон АЭС қуриш бўйича Россия таклифини кўриб чиқмоқда.

Арманистон Россиянинг мамлакатда атом электр станцияси (АЭС) қуриш бўйича таклифини ўрганмоқда. Бироқ якуний қарор 2027 йилда қабул қилинади. Бу ҳақда Арманистон ҳудудий бошқарув ва инфратузилмалар вазири Давид Худатян маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россиядан ташқари АҚШ, Хитой, Жанубий Корея ва бир қатор Европа давлатларининг таклифлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Улар техник хусусиятлари ва қиймати жиҳатидан бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади.

Худатян таъкидлашича, станция қурилиши бўйича қарор қабул қилишда асосий мезонлардан бири унинг нархи ҳисобланади. Таклифлар ўртасидаги фарқ бир неча миллиард долларга етиши мумкин. Бу харажатлар келгусида электр энергияси тарифларига ҳам таъсир кўрсатиши сабабли, Арманистон иқтисодий манфаатлардан келиб чиқиб қарор қабул қилади.

Мамлакат янги АЭС қуриш учун кичик модулли реакторлардан тортиб, қуввати тахминан 1000 мегаватт бўлган энергоблокларгача бўлган турли вариантларни кўриб чиқмоқда.

Дастлаб Арманистон ҳукумати асосан кичик қувватли реакторларга эътибор қаратган. Бироқ электр энергияси истеъмолининг ортиши бу ёндашувни қайта кўриб чиқишга мажбур қилган.

Вазирнинг қайд этишича, икки йил аввал мамлакатда электр энергияси ортиқча бўлган бўлса, ҳозирда унга бўлган талаб кескин ошган.

Киритилди: Бугун 07:45. Ўқилди: 571 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!