Украина дронлари Таганрогдаги ҳарбий аэродромга ҳужум қилиб, иккита Ту-142 самолёти ва "Искандер" ракета мажмуасини йўқ қилди, деб баёнот бермоқда УҚК дрон тизимлари кучлари қўмондони Роберт Бровди.
Россия томони аэродромга қилинган ҳужум ҳақида хабар бермади.
Ростов вилояти раҳбари Юрий Слюсар Киев дронлари зарбаси натижасида портда танкер ва ёқилғи омборлари ёниб кетганини, хусусий уйга дрон тушиши оқибатида эса икки киши жароҳатланганини маълум қилган эди. Таганрог мэри Светлана Камбулованинг аниқлик киритишича, портда "юк ортиш инфратузилмаси ва маъмурий бино шикастланган".
Шу билан бирга, Украинанинг "Exilenova+" OSINT-лойиҳаси ҳужум пайтида портлаш овозлари шаҳарнинг деярли барча туманларида эшитилганини ёзди. Ушбу ҳужум фонида Таганрог ҳукумати Украина Қуролли Кучларининг ҳужумларидан кейин 27 май куни жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини кенгайтирди, дейилади хабарда.