Бугун 26 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Суюлтирилган газни ноқонуний сотган 471 та «бункер» фаолиятига чек қўйилди

Суюлтирилган газни ноқонуний сотган 471 та «бункер» фаолиятига чек қўйилди

«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти суюлтирилган газ таъминотида қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги назорат тадбирлари натижаларини эълон қилди.

Бугунги кунда республика бўйича 3 миллион 730 мингдан ортиқ аҳоли хонадони ва 2 мингга яқин ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Президентимизнинг 326-сон қарори асосида тизимга бозор механизмларини жорий этиш, таъминот барқарорлигини ошириш ва муҳтож қатламни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, суюлтирилган газни ноқонуний сотиш ва талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жамиятнинг Комплаенс назорат тузилмалари томонидан мунтазам рейдлар олиб борилмоқда.

2025 йил ва 2026 йилнинг тўққиз ойида ўтказилган 3 мингдан зиёд текширувлар давомида 1 217 та қоидабузарлик аниқланди. Хусусан, суюлтирилган газни ноқонуний сотишга ихтисослашган 471 та «бункер» фаолияти тўхтатилди. Кўрилган чоралар натижасида қиймати қарийб 2 миллиард сўмлик 193,6 тонна газ ҳамда 8,7 миллиард сўмлик 17 301 дона маиший газ баллонининг норасмий сотилишининг олди олинди.

2026 йилнинг тўққиз ойидаги хизмат текширувларида эса 1,4 минг тонна суюлтирилган газ ва 10 626 дона маиший баллон талон-торож қилингани аниқланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган ҳужжатлар асосида 19 та жиноят иши қўзғатилди.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ истеъмолчилардан суюлтирилган газни ноқонуний сотиш ёки таъминотдаги қонунбузарликларга дуч келганда 1104 қисқа рақами ёки antikorruptsiya@hududgaz.uz электрон почтаси орқали хабар беришни сўради.

Киритилди: Бугун 10:19. Ўқилди: 280 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!