Президент Шавкат Мирзиёев сув фонди ерлари ҳамда сел сувларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув тежамкорлигини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, юртимиздаги 150 минг километр дарё ва канал ўзанларини бетонлаш ишларининг бошлангани натижасида йилига 1,3 миллиард куб метр сув тежалмоқда. Бу Навоий вилоятининг бир йиллик сув истеъмолига тенг. Шу кунга қадар 2 минг километр магистрал канал бетонлаштирилди, 721 километр канал, 525 километр лоток ва ёпиқ тармоқлар қурилди. Ушбу мақсадларга 3 триллион сўм ажратилди. Натижада 858 минг гектарда сув таъминоти яхшиланиб, 51 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилди.
Йиғилишда сув инфратузилмасини нафақат техник объект, балки иқтисодий актив сифатида кўриш зарурлиги таъкидланди. Бугун дунёда дарё, канал, сув омборлари ва кўллар бўйида туризм, дам олиш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик ҳудудларини ташкил этиш катта иқтисодий йўналишга айланган.
Бундай лойиҳалар кўчмас мулк ва ер участкалари қийматини ошириш, туман ва шаҳарлар иқтисодиётини жонлантириш, ички туризм ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экологик барқарорликни яхшилашга хизмат қилади.
Жаҳон тажрибасида сув инфратузилмаси атрофидаги туризм лойиҳаларига киритилган 1 доллар сармоянинг иқтисодий қайтими 3-10 доллар атрофида баҳоланади.
Шу боис, мутасаддилар ва ҳокимлар сув инфратузилмасини иқтисодий самара берадиган лойиҳаларга айлантириш устида тизимли ишлаши зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун қатор янги имкониятлар яратилади. Жумладан, қирғоқлар ювилиши ва сув босишига сабаб бўлаётган қум-шағални қазиб олишга рухсат берилади. Сув ва сел-сув омборлари, канал, коллектор, табиий кўл ва гидротехника иншоотларини тупроқдан тозалаш ишларига тадбиркорлар тендерсиз жалб қилинади. Сув ва сел-сув омборларида сувдан бўшаган ерлар экин экиш учун аукцион орқали ижарага берилади.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда мазкур имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Сув фондига тегишли участкаларда тадбиркорлик, туристик ва кўнгилочар объектлар қуриш имконияти бўлган 100 минг гектар ер майдони аниқланган. Ушбу ерларда 100 минг аҳолининг бандлигини таъминлаб, йилига 220 миллиард сўм қўшимча даромад манбаини яратиш мумкин.
Мутасаддиларга сув фонди ерларини ижарага бериш, мониторинг қилиш, шартномалар тузиш ва ҳисоботини онлайн юритиш бўйича ахборот тизимини ишга тушириш топширилди. Космик тадқиқотлар агентлигига дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларидан қазиб олинадиган қум-шағал ҳажмини аниқ ҳисоблаш ва тегишли идораларга тақдим этиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда сел-тошқин сувларидан фойдаланиш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Иқлим ўзгариши туфайли сўнгги йилларда қисқа вақтда кучли ёмғирлар кўпаймоқда. Бу эса сел-тошқинлар хавфини оширмоқда. Айниқса, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятларининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида сел хавфи юқори ҳисобланади.
Сел-тошқинлар инфратузилма ва қишлоқ хўжалигигагина эмас, балки саноат, суғурта, логистика ва ташқи савдога ҳам зарар етказади. Қолаверса, сел сувлари хавф манбаи бўлиш билан бирга сув захираларини тўлдириш учун ҳам катта имкониятдир.
Мамлакатимизда сел хавфи мавжуд 60 та йирик сой орқали йилига 690 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетмоқда. Ундан самарали фойдаланиш орқали 13 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, сув таъминотини яхшилаш ва балиқчиликни ривожлантириш имконияти борлиги таъкидланди.
Шу боис, сел сувларини бошқаришда фақат тўғон қуриш билан чекланмасдан, интеграл ёндашувни ҳам жорий этиш зарурлиги қайд этилди. Бунда сел хавфини камайтириш, сувни тўплаш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, балиқчилик, туризм ва хизматлар соҳаси билан боғлиқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш назарда тутилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан мутасаддиларга сув инфратузилмасини иқтисодий фаоллик манбаига айлантириш, сел-тошқин хавфларини камайтириш, сув захираларидан самарали фойдаланиш ва мазкур йўналишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш юзасидан қатор топшириқлар берилди.