Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд давомида бир бош Тян-Шан қўнғир айиғи ва учта ёввойи тўнғиз ноқонуний овланган аниқланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, рейд давомида оқ рангли «Niva Legend» русумли автомобиль тўхтатилиб, текширилган. Автомашинанинг устки юкхонасидаги саккизта қопдан бир бош айиқ ва учта ёввойи тўнғизнинг тана бўлаклари топилган.
Шунингдек, транспорт воситасидан учта нарез стволли ов қуроли, MS-2112 русумли силлиқ стволли ов милтиғи ҳамда ўқдонида 7,62 калибрли тўртта ўқ бўлган «Monza» русумли нарез стволли ов қуроли аниқланган. Бундан ташқари, 7,62 калибрли 43 та жанговар ўқ-дори, 56 та майда сочмали ўқ, 13 та якка жанговар ўқ, иккита бинокль, иккита овоз сўндирувчи мослама, пичоқлар, фонарлар, болта ва бошқа буюмлар олиб қўйилган.
Текширув давомида ҳуқуқбузарлар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани ҳудудида ноқонуний ов қилгани аниқланган. Овланган ҳайвонлардан Тянь-Шань қўнғир айиғи Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 679 миллион 800 минг сўмга баҳоланган.
Ҳолат юзасидан ов қуроллари, ўқ-дорилар, рухсатномалар ва овчилик гувоҳномалари вақтинча сақлаш учун Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасига топширилган. Автомобиль эса жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган