Чеченистонлик ва суриялик 23 май жума куни кечқурун Гамбург марказий вокзалидаги қотилликни тўхтатишга ёрдам берди, деб хабар қилмоқда Spiegel.
Суриялик - Ҳалаб атрофидан келган 19 ёшли қочқин Муҳаммад Ал Муҳаммад бўлиб, у 2022 йил сентябридан бери Германияда яшайди. Чеченнинг шахсий маълумотлари ошкор қилинмаган. Муҳаммад перронда поездни кутаётганида, пичоқ ушлаб турган аёлни кўриб қолди ва ваҳимага тушган оломон билан қочиш ўрнига ҳаракат қилишга қарор қилди.
Лидия S. ҳужуми натижасида 18 киши жароҳат олди, еттитаси оғир яраланди, тўрт киши оғир аҳволда эди. Полиция маълумотларига кўра, ҳозирда барча жабрланганларнинг аҳволи барқарорлашган. Судья гумонланувчини клиникага жойлаштириш ҳақида қарор чиқарди.
Икки дақиқадан сўнг ҳодиса жойига федерал ва маҳаллий полиция, метро қўриқлаш хизмати ва Deutsche Bahn хавфсизлик хизматидан иборат қўшма патруль гуруҳи етиб келиб, ҳужумчини қўлга олди. Сўроқдан кейин Ал Муҳаммадни полиция бўлимига олиб боришди, у ерда полициячилар йигитга миннатдорчилик билдириб, уни капучино билан сийлашди.
Лидия S. 22 май куни Бремерхафендаги ихтисослаштирилган клиникадан чиқарилди, у ерда тўрт кун даволанганди. Полиция бир неча федерал ўлкаларда у билан боғлиқ чақирувларга бир неча бор борган. Шундай бўлса-да, Бремерхафендаги руҳий касалликлар шифохонасидан чиқаётганда, унинг атрофдагилар учун жиддий хавф туғдирмаслиги аниқланганди. Энди судья уни 15 та ҳолатда қотилликка уриниш ва оғир тан жароҳати етказишда айблаб, яна руҳий касалликлар клиникасига ётқизишни буюрди.