Кенг қамровли тарғибот ишларига қарамасдан, бугун — “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари куни соат 14:00 га қадар республика бўйлаб ўқувчиларнинг транспорт воситасини бошқариши билан боғлиқ 238 та ҳолат аниқланди.
Бу ҳақда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев маълум қилди.
Қайд этилишича, эрталаб соат 07:00 дан 14:00 гача ўтказилган назорат тадбирлари давомида ўқувчиларнинг мактабларга автомобил ҳайдаб келгани билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайд этилган.
Қоидабузарлар орасида нафақат юқори синф ўқувчилари, балки 8–10-синф ўқувчилари ҳам бўлган. Айрим ҳолатларда ўқувчилар ўз ота-онасига тегишли ёки ижарага олинган автомашиналарни бошқариб келгани кузатилган.
Хоразм вилоятида эса битирув кечасига автомобил бошқариб келган қизлар ҳам аниқланган.
Айни пайтда байрам тадбирларини кўнгилсиз ҳодисаларсиз ўтказиш мақсадида минглаб Йўл-патруль хизмати ҳамда ички ишлар органлари ходимлари мактаблар атрофида кучайтирилган тартибда хизмат олиб бормоқда.
Масъул идоралар барча ота-оналар ва масъул шахслардан фарзандлар ҳаёти ва хавфсизлигига бефарқ бўлмасликни, вояга етмаганларнинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймасликни сўрамоқда.
Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.