"Интер Майами" форварди Лионель Месси жарима зарбасидан тўғридан-тўғри гол уриб, яна бир бор рақибларни ранжитди. 37 ёшли футболчи "Порту" дарвозасини ишғол қилиб, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўйинида "лочинлар"га ғалаба келтирди - 2:1. Эътиборлиси, Месси 2018 йилдан буён пенальтидан (33) кўра, жарима зарбасидан (34) кўпроқ гол урган. Умуман олганда, аргентиналик футболчи фаолияти давомида 68 марта жарима зарбасини аниқ амалга оширган.
"Порту" дарвозасига урилган гол Лионель учун "Интер Майами" сафидаги эллигинчи гол бўлди.
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати плей-офф йўлланмаси тақдири 24 июнь куни ҳал бўлади: Хавьер Маскерано жамоаси кейинги босқичга чиқиш учун "Палмейрас"га ютқазмаса кифоя.