Бугун 4 май, 2026 йил, душанба

O'ZB

ССВ: Самарқанд вилоят Перинатал марказининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди

A A A
ССВ: Самарқанд вилоят Перинатал марказининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини атрофлича ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоят Перинатал марказида бўлди.

(https://telegra.ph/file/544744675e226987ccc10.png)Вазир дастлаб ушбу муассасада яратилган шарт-шароитларни кўздан кечириб, беморлар ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Учрашув давомида юртимизда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, муддатидан аввал туғилган гўдаклар учун ихтисослаштирилган реанимацион ва интенсив хизматларни ташкил этиш, кам вазнли чақалоқларни парвариш ва реабилитация қилиш бўйича амалга оширилган ишлар эътироф этилиб, аҳолининг бу борадаги фикрлари тингланди.

Таъкидлаш лозимки, 250 ўрнига мўлжалланган Самарқанд вилоят Перинатал маркази 2022 йил капитал таъмирдан чиқарилиб, муассасада гинекология, ҳомиладорлар патологияси, ҳомиладорликда юқумли касалликлар ва чақалоқлар патологияси каби бўлимлар ташкил этилди.

Шунингдек, ҳомиладор аёлларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу шифо маскани ва вилоят туғуруқ мажмуалари қошида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг акушерлик ва гинекология кафедралари ва ҳомиладор ҳамда туғувчи аёллар учун “Оналар мактаби” фаолияти йўлга қўйилди.

Марказнинг лаборатория бўлими замонавий клиник-ташхислаш жиҳозлари ва реактивлар билан таъминланиб, айни пайтда бу ерда 39 турдаги биохимик, 20 турдаги гематологик, 12 турдаги ИФА (иммуноферемент анализатор-Stat Faks 303) каби лаборатор таҳлиллар ўтказилмоқда.

Шунингдек, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш учун муассаса 11 млрд сўм маблағ эвазига 14 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Вазирлик масъуллари ўрганиш давомида муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, шифо масканини иссиқлик ҳамда электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни атрофлича кўздан кечирди.

Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича муаммо ва таклифлар тингланиб, бу бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди ва мавсумни талофатсиз ўтказиш юзасидан масъулларга зарур тавсиялар берилди.

Киритилди: 18:33 25.08.2023. Ўқилди: 1454 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!