АҚШ президенти Дональд Трамп Америка қўшинларининг бир қисмини Германиядан олиб чиқиб кетиш борасида НАТО расмийларини олдиндан огоҳлантирмаган, деб хабар бермоқда «Euronews».
«АҚШ президенти Дональд Трампнинг Германиядан 5 минг нафар ҳарбий хизматчини олиб чиқиш ҳақидаги қарори бўйича НАТОнинг юқори мартабали мулозимлари огоҳлантирилмаган», — дейилади материалда.
Телеканал манбасининг қайд этишича, Трампнинг баёнотидан сўнг логистика, шунингдек, ушбу қарорнинг альянснинг умумий жанговар шайлигига таъсири борасида саволлар юзага келган.
«НАТО қўмондонлигини ғафлатда қолдирган ушбу эълонда тафсилотлар жуда кам», — деб таъкидланади нашрда.
Шунингдек, айнан қайси тузилмалар қисқартирилиши ҳам номаълум. Бундан ташқари, телеканал манбаларидан бирининг фикрича, тафсилотларнинг йўқлигига сабаб — Трамп рақамларни «тахминан» айтган бўлиши мумкин.