"Интернетда почта орқали овоз бериш натижалари ўта ўнгчи “Германия учун муқобил” (AfD) партияси манфаатларига зиён етказиш мақсадида сохталаштирилаётгани ҳақида бир қанча сохта видеолар пайдо бўлди", деб ёзади Spiegel.
Видеоларда Лейпциг шаҳрининг 151- сайлов округи учун мўлжалланган икки бюллетень тасвирланган бўлиб, уларда AfD кўрсатилмаган. Лейпциг маъмурияти видеолавҳаларни ўрганиб чиқиб, ҳар қандай "хатолар" эҳтимолини инкор этди. Расмий баёнотда таъкидланишича, "сохта бюллетенлар" катта эҳтимол билан "мақсадли дезинформация кампанияси"нинг бир қисми ҳисобланади.
Spiegel маълумотига кўра, бундай видеоларни Россиянинг Storm-1516 тарғибот гуруҳи тарқатган. У Россия махсус хизматлари билан боғлиқ бўлиб, илгари Германия ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушган. Бу гуруҳ аноним ижтимоий тармоқ аккаунтлари ва турли веб-сайтлар орқали россияпараст тарғибот материалларини тарқатган.
Microsoft компанияси таҳлилчилари Storm-1516 гуруҳини 2024 йилдаги АҚШ президентлик сайловларига аралашув доирасида эслаб ўтган. Гуруҳ бир неча бор Демократик партия ҳақида ёлғон янгиликлар чоп этган. Microsoft мутахассисларининг тахминига кўра, гуруҳ қароргоҳи Санкт-Петербургда жойлашган ва унинг айрим ходимлари аввал Евгений Пригожин томонидан ташкил этилган “троллар фабрикаси” да ишлаган.