Булоқбоши туманида содир бўлган сув тошқини оқибатлари бартараф этилмоқда. Ҳодиса жойида бўлиб турган Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида аҳолига етказилган зарар қай тарзда қопланаётганига изоҳ берди.
Жанубий Фарғона канали қирғоғи ўпирилиши оқибатида Булоқбоши туманининг айрим маҳаллаларида сув тошқини юзага келди. Ҳодиса жойига етиб борган Kun.uz мухбири айни манзилда бўлиб турган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновдан қисқа изоҳ олди.
«Ишчи гуруҳ орқали сув кирган ҳар бир хонадонда хатловларни амалга оширдик. Нима зарарланган бўлса, ҳатто эккан помидоридан қанча ҳосил кутаётганини бозор баҳосида ҳисоб-китоб қилдик. Пулларни олиб келиб қўйдик, кечаси билан халқимизга пулларни тарқатамиз. Бирорта инсон норози бўлмайди, ҳамма нарса жой-жойига қўйиб берилади», — дейди Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.
Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, 150 та хонадонга сув кирган, кимнингдир томорқаси, бошқанинг эса «навеси», молхонаси зарарланган.
Шуҳрат Абдураҳмонов шу баҳона сув тошган ҳудуднинг йўллари асфальтланиб, намунали маҳаллага айлантирилишини маълум қилди.
«Сув тошишига сабаб Ўзбекгидроэнерго ташкилоти Россия компанияси билан ҳамкорликда 6,6 мегаваттли ГЭС қуришни бошлаган. Сув келаётган каналнинг чеккасида емирилиш бўлган ва шу ердан сув чиқиб кетган. Ҳозир барча тўғонлар мустаҳкамланди, эрталаб яна ҳамма нарсаси қайтадан кўрилади, мустаҳкам бўлганидан кейин сувни очиб берамиз», — дейди ҳоким.