Швеция ҳукумати Украинага 12,9 миллиард крон (1,42 миллиард доллар) миқдоридаги янги — ҳисоб бўйича 21-ҳарбий ёрдам пакетини ажратиш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу маблағлар ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимларини кучайтиришга йўналтирилади.
Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Пол Йонсон матбуот анжуманида маълумот берди.
Маълумотларга кўра, ҲҲМни кучайтириш зарурати кечиктириб бўлмайдиган масаладир. Швеция ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатидан Украинага энг катта ёрдам кўрсатаётган давлатлардан бири ҳисобланади. "Биз етказиб берган Швецияда ишлаб чиқарилган тизимлар жанг майдонида ўзларини жуда яхши кўрсатди", — деди вазир.
Маблағлар, биринчи навбатда, ҳаво зарбаларидан "портлар, аҳоли пунктлари, электр станциялари ва ҳарбий қисмларни" ҳимоя қила оладиган янги қисқа масофали ҲҲМ тизимларини сотиб олишга сарфланади.