Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 9-синф ўқувчиси томонидан пичоқланган профилактика инспекторининг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот берди.
Билдирилишича, кеча, 18 февраль куни Қўқон шаҳри «Садоқат» маҳалласида яшовчи 38 ёшли фуқаро А.Ш. (она), маҳалла профилактика инспектори катта лейтенант Жаҳонгир Маҳмудовга қўнғироқ қилиб, 16 ёшли ўғили Ў.Ў.нинг хулқида жиддий ўзгаришлар кузатилиб, уйида оила аъзолари билан жанжаллашаётгани ҳамда мактабга боришдан бош тортаётгани ҳақида хабар берган.
Профилактика инспектори ҳолатни ўрганиш мақсадида манзилга етиб бориб, А.Ш. билан фарзандининг хулқ-атвори ҳақида хизмат хонасида малакали инспектор-психологни жалб этган ҳолда профилактик суҳбат ўтказиш заруратини тушунтирган. Шу вақтда ўрта мактабнинг 9-синфида ўқувчи Ў.Ў. Ж.Маҳмудовнинг чалғиб турганлигидан фойдаланиб, унинг орқа тарафидан яқинлашган ва қўлидаги ошхона пичоғини ходимнинг чап орқа белига санчиб олган.
«Оғир жароҳат олганига қарамасдан, профилактика инспектори зудлик билан фуқаро Ў.Ў.ни жисмоний куч ишлатган ҳолда зарарсизлантириб, воқеа жойига ёрдамчи кучларни чақиртирган.
Ички ишлар органларининг воқеа жойига етиб келган ёрдамчи кучлари томонидан хонадонда яшовчи фуқароларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланганидан сўнг, профилактика инспектори Жаҳонгир Маҳмудов шифохонага етказилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган», дейилади ИИВ расмий ахборотида.
Бирламчи текширувга кўра, ходимга «Кўкрак қафаси чап орқа томони плевра бўшлиғига тешиб ўтган жароҳати, чап томонлама гемопневматоркс, ташқи ва ички қон кетиш» ташхиси қўйилиб, шифокорлар томонидан зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.