Гуруч - халқимиз кўп истеъмол қиладиган маҳсулотлардан бири саналади. Шу боис юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида шоличиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 2 февралдаги “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг соҳада сифат ўзгаришлари юз берди, самарадорлик ошди.
Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда ҳар йили юз минг гектардан ортиқ майдонда шоли экилиб, 520 минг тоннага яқин ҳосил олинади. Ўз навбатида, 310 минг тонна атрофида гуруч ишлаб чиқарилади.
Жорий йилда ҳам аҳолининг гуручга бўлган талабини таъминлаш мақсадида мўл ҳосил етиштирилди. Қуйи Чирчиқ туманида биринчилардан бўлиб ўрим - йиғим ишларига киришилди. Шу муносабат билан тумандаги кўп тармоқли “ТСТ Сluster” кластерига қарашли “TCT Rice” шоличилик кластерида семинар ташкил этилди.
Таъкидланганидек, жорий мавсумда “TCT Rice” шоличилик кластери томонидан 2,6 минг гектарда шолининг “Лазурний”, “Аланга”, “Гулистон” каби навлари парваришланди. Айни пайтда шолининг эрта пишадиган “Лазурний” нави ҳосили пишиб етилди.
— Кейинги пайтда шоличиликда Қуйи Чирчиқ тажрибаси яратилди, — дейди Олий Мажлис Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев. — Бу давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалигига кластер тизими жорий этилгани самарасидир. Мана шу шоличилик кластерининг замонавий корхонаси ўрни яқин-яқингача ташландиқ жой эди. Шоли ҳосилдорлиги эса ниҳоятда паст эди. Шоликорлар фаолияти тарқоқ бўлгани учун тузук даромад ҳам олмасди. Айниқса, шолини қайта ишлашда кўплаб муаммоларга дуч келинган. Кластер томонидан шоли етиштириш ва қайта ишлашнинг тўлиқ “саноат занжири” яратилгач, ҳосилдорлик ошиб, юқори сифатли гуруч ишлаб чиқарила бошланди.
Чиндан ҳам, кластерда ҳосилдорлик йил сайин ошмоқда. Ўримнинг биринчи кунида айрим майдонларда гектаридан 80 центнергача шоли ўриб олингани бунинг тасдиғидир. Ўртача ҳосилдорлик эса 60-65 центнерни ташкил этиши кутилмоқда. Энг асосийси, интенсив технологиялар қўлланилиб, янги-янги тажрибалар синовдан ўтказилаётгани муваффақият омили бўлмоқда. Масалан, бу йил ғалладан бўшаган майдонларнинг 200 гектарига шоли экилди.
– Такрорий экин сифатида шолининг тезпишар “Гулистон” нави экилди, — дейди “TCT Rice” шоличилик кластери раҳбари Тўлқин Ҳакимов. — Сув ва ўғит таъминотида узилиш бўлмагани, экин тобида парваришлангани туфайли унинг ривожи тезлашиб, эртапишар шолига етиб олди. Айни пайтда бошоқлаб, пишиб етиляпти. Ҳадемай, ушбу майдонларда ҳам ўрим-йиғим ишлари бошланади.
Бир сўз билан айтганда, шоличилик тармоғига илғор инновациялар кириб келаётгани маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, сифатини яхшилаш, муҳими, нарх-наво барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.