Бугун 14 ноябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Шимолий Корея қарийб 80 йил деганда байроғига ўзгартириш киритди

Шимолий Корея қарийб 80 йил деганда байроғига ўзгартириш киритди

Шимолий Корея 1948 йилда мамлакат ташкил топганидан бери илк бор ўз давлат байроғининг ўлчам нисбатини ўзгартириш учун конституцияга тузатиш киритди. Бу ҳақда КХДРда эълон қилинган қонун ўзгартиришга таяниб The Korea Times хабар берди.

Наэнара веб сайтида жойлаштирилган янги конституциянинг 166-моддасида байроқ баландлигининг унинг кенглигига нисбати 1 га 1,65 этиб белгиланган. Бунгача ушбу нисбат 1 га 2 кўринишида эди.

Ушбу ўзгариш Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ўз бошқарув услуби ва миллий ўзлигини шакллантиришга уринишлари фонида юз берди. Шу билан бирга, у ўзидан аввалги раҳбарларнинг айрим меросларини ҳам сақлаб қолмоқда. Байроқнинг 1 га 2 нисбати ҳақидаги қоида 2023 йил сентябрь ойида конституцияга ўзгартириш киритилгунига қадар ўзгаришсиз қолган эди.

Ўлчамлар нисбати ўзгарганига қарамай, Шимолий Корея байроғининг умумий дизайни сақланиб қолди. У марказдаги кенг қизил чизиқ, унинг юқори ва пастки қисмидаги ингичка оқ чизиқлар, улардан кейин келувчи кўк чизиқлар ҳамда оқ доира ичидаги қизил беш қиррали юлдуздан иборат. Конституцияда байроқдаги рангларнинг маъноси қуйидагича изоҳланган:

Қизил чизиқ — Япониянинг 1910–1945 йиллардаги мустамлакачилик ҳукмронлиги даврида мамлакат озодлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш учун жонини фидо қилган, японларга қарши курашганларнинг тўкилган қонини англатади.

Оқ доира ва иккита оқ чизиқ — халқнинг миллат етакчисига ва ҳукмрон “Корея меҳнат партияси”га содиқлигини билдиради.

Иккита кўк чизиқ — мамлакат суверенитетини ҳамда дунёда тинчлик, дўстлик ва бирлик учун курашаётган халқнинг инқилобий руҳини ифодалайди.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, байроқ нисбатининг ўзгариши учинчи авлод вориси бўлган амалдаги раҳбар Ким Чен Ин бошчилигида Пхеньяннинг янги миллий қиёфа яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларини акс эттиради.

Киритилди: 23:35 13.11.2026. Ўқилди: 452 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар