Бугун 9 сентябрь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Шерзодхон Қудратхўжа Лола Каримовага Ислом Каримовнинг хатоларини эслатди ва балога қолди

Шерзодхон Қудратхўжа Лола Каримовага Ислом Каримовнинг хатоларини эслатди ва балога қолди

Яқиндагина “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Биринчи Президент Ислом Каримовнинг вафотига 9 йил тўлиши муносабати билан: “Ўзбекистон Сурияга айланмаган бўлса, бу Ислом Каримовнинг доно сиёсати сабаб” эканини айтиб чиққан Лола Каримовага отасининг хатоларини эслатиб, унга "Қичимаган жойни қашламасликни” маслаҳат берди. У бу ҳақда Каримованинг гаплари илова қилинган постида ёзиб қолдирган. Бу ҳақда qalampir.uz ёзмоқда.

“Синглимиз Оталаридан яхшилаб сўрасалар бўларкан нимага бундай бўлганини. Балким қўшнилардан фарқли равишда айнан бизда радикаллашувга олиб келувчи 90 йиллардаги нотўғри тутилган сиёсат сабабдир?” дея пост ёзган у.

Қолаверса, Журналистика университети ректори “моҳирона ва ҳар тарафлама ўйланган сиёсат тутилмагани учун” минглаб тақдир-у қисматлар синиб кетганини билдирган.

“Балким айнан Ислом Каримовнинг бошқарув услуби (бизни собиқ Сурия ё собиқ Афғонга ўхшаб қолишимиз) бу унсурларни келтириб чиқаргандир? Оталари айтганидек, қичимаган жойни қашлаш ножоиздир…”, деган Қудратхўжа.

Ушбу пост кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, ректор тармоқ фойдаланувчиларининг баъзи қатлами томонидан сазойи қилиниб, ўзи ҳам Каримов даврида давлат ишида ишлагани эслатилиб, нега ўша вақтда бу гапларни айтмагани савол остига олинди. Қудратхўжанинг Каримов ёнида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Қуддус Аъзам бўлган даврада кулиб тушган сурати илова қилиниб, ректор марҳум президентга яқин бўлгани айтилди.

Ислом Каримов, Абдулла Орипов, Қуддус Аъзам, Эркин Воҳидов, Шерзодхон Қудратхўжа.

Ислом Каримов, Абдулла Орипов, Қуддус Аъзам, Эркин Воҳидов, Шерзодхон Қудратхўжа.

“Шерзодхон Қудратхўжа, тўғри ўша даврда ректор бўлмагандирсиз, орден олмагандирсиз, аммо биз сизни телеканалда ўша даврда таниганмиз. Чекка вилоятда ўтириб сизнинг шарҳларингиз, информацион дастурлардаги репортажларингизни кўриб жаннатда яшаётганимизга ишонганмиз. Қаранг-а, сиз ҳам Юлдуз опага ўхшаб ич-ичингиздан эзилган экансиз-да”, деб ёзди Халқаро кимё университети профессори Гулноза Одилова.

Журналист Каримберди Тўрамурод ректорнинг фикрларига қўшилгандай бўлиб, Каримов ичкаридагилар (таҳр. қамоқдагилар) сонини ташқаридагилар билан тенг қилмоқчи бўлганини айтди.

“Отасининг битта орзуси амалга ошмай қолди, умри тугаб қолди: ичкаридагиларнинг сонини ташқаридагиларнинг сонига тенг қилмоқчи эди!” деди у.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова эса ўтганларни ёмонлаш, уларнинг камчиликларини қидириш фақат Ўзбекистонда борлигидан нолиб, изоҳ ёзди.

“Ўтганларни ёмонлаш, камчилигини топишга усталар бир ўзлари уларнинг ўрнида бўлишганида билишар эди. Эҳ, у инсонни бошига тушган ишлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Фақат бизни давлатда олдингиларни гапириш бор”, деди мақом ижрочиси.

Юзлаб бундай изоҳларга жавобан Шерзодхон Қудратхўжа раддия бериб, бир кун аввал ёзилган постига шунча муносабат бўлишини кутмаганини, негатив ёзганларнинг фикри ҳам қизиқ эканини айтди ва айнан бугунги замона шароити олдинги даврдан фарқли равишда ҳурфикрликни юзага келтирганини даъво қилиб, ҳақорат бўлмаса, ҳамма танқидга чидашини билдириб, унга йўналган саволларга уч асосда жавоб берди.

“Жавобларим қўйидагича: биринчидан, мен ҳеч кимга қарши ёзмадим, сиёсатшунос олим сифатида бошқа фикрга ўз фикрим ва позициямни билдирдим (ахир мумкин-ку), иккинчидан, ўлганлар тўғрисида одатда ёмон гапирилмайди, аммо бу ҳолатда гап оддий мўмин, мусулмон тўғрисида кетмаяпти, биз сиёсатшунослик ва тарих фани доирасида доимо марҳум қироллар, императорлар, саркардалар, подшоҳлар, президентлар, бош вазирлар, вазирлар фаолияти ва умрини кейс сифатида ўрганамиз. Унда инсониятга нега на тарих, на сиёсатшунослик, на фалсафа фанлари керак экан? Учинчидан, ўша даврда битта мен эмас, ҳеч ким ҳеч нарса гапиролмаган, озгина гапиришга журъат қилғонлар ё қамалиб қутилган, ё Ўзбекистон Қаҳрамонлари бўлса ҳам барча курсиларидан йиқитилган, қувилган, одамлар ҳам кўришмайдиган қилиб қўйилган, баъзилар эса ҳатто жисмонан йўқ қилинган”.

Ректор ўшбу кейсда СССР раҳбари Никита Хрушчёв билан бўлган воқеани эслади.

“Сталин ўлгандан сўнг 20-съездда Никита Хрушчёв унинг зулми ва ёвузлиги ҳақида доклад қилганида залда ўтирган бир одам ўтирган жойидан бақирган экан “Хўш, нега ўша пайт гапирмагансиз деб? Хрушчов: “Ким у? Туринг”, дебди. Сукунатмиш. Шунда Никита Сергеевич айтган экан: “Кўрдингизми? биз ҳам қўрққанмиз ўшанда, жим юрганмиз”.

Қудратхўжа бугунга келибгина гапираётгани, оғзи, ўзи ботир бўлаётганини таъкидлади ва буни сиёсатдан нари, раҳбарни илоҳийлаштирган ностальгик кайфиятдагилар қатлами тушунмаслигини, аммо репрессияларда яқинини йўқотганлар, “шу зулмат йилларда қувилганлар”, уларнинг оилалари, фарзандлари ректорни биттада тушунишини айтди.

“Хонадонида йиллаб аза тутган, мотамда юрганлар, эзилганлар мени тушунади. Хоҳ у академик бўлсин, хоҳ бизнесмен, хоҳ фермер, хоҳ оддий диндор, ё имом. Тарихни ва унинг қора кунларини шунча унутганимиз етар энди, бундай кунлар яна қайтмаслиги учун ҳам эслашимиз, билишимиз керак”, дея қўшимча қилди у.

Шерзодхон Қудратхўжа сўзи сўнггида Ўзбекистон Сурия эмас, Малайзия, Корея, Япония, Сингапур каби бўлишига интилиб яшаш кераклигини таъкидлади.

Киритилди: 18:08 08.09.2025. Ўқилди: 2846 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!