Президент матбуот котибининг маълум қилишича, “Chatham House” қоидаси асосида ташкил этилган мулоқотда халқаро ва минтақавий хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, сунъий интеллект ривожланиши билан боғлиқ янги таҳдидлар ҳамда уларга қарши биргаликда чора кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Бундай халқаро мулоқот майдонлари долзарб глобал масалаларни кўриб чиқиш билан бирга, икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашиш, халқаро кун тартибидаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилиш учун ҳам муҳим имкониятдир.
Шу маънода, Остонадаги тадбир доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Гафарова, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев ва Ақаба жараёни модератори, НАТОнинг Европадаги Бирлашган қуролли кучлари Олий бош қўмондонининг собиқ ўринбосари Адриан Брэдшоу билан учрашув ва суҳбатлар ўтказди.