Бугун 22 декабрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Шахснинг ҳуқуқ ва эркинларини ишончли ҳимоя қилишдаги муҳим қадам

Шахснинг ҳуқуқ ва эркинларини ишончли ҳимоя қилишдаги муҳим қадам

Мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлигидан, шунингдек, қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Шулардан терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан эътибор берилиши лозим бўлган асосий масалалар, терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида асосий тартиб-таомиллар ва судланганлик ҳолати билан боғлиқ асосий қоидалар Фармонда қуйидагича ўз ифодасини топди.

Жумладан, мазкур Фармон билан қуйидагилар тақиқланиши белгиланди, яъни терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш.

шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда(экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно), уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш;

ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш;

суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида судланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва бошқа суд процесси иштирокчиларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ёки сўроқ қилиш.

Бундан ташқари, Фармон билан терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини гувоҳлантириш уларнинг ёки адвокатининг илтимосномасига асосан 24 соат ичида вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари ёки жазони ижро этиш муассасалари тасарруфида бўлмаган тиббий муассасалар ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт, бунда харажатлар илтимоснома киритувчи тараф ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилди.

Оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Фармонга кўра, вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг“Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ўз навбатида жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

         А.Хужаназаров,

ТДЮУ ўқитувчиси

Киритилди: 21:30 15.02.2021. Ўқилди: 2127 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!