Бугун 18 декабрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Тошкентдаги бутхона машмашаси: "Мен фақат яхшилик ва эзгулик аломатини кўрдим"

A A A
Тошкентдаги бутхона машмашаси: "Мен фақат яхшилик ва эзгулик аломатини кўрдим"

Ҳурматли дўстлар! Ижтимоий тармоқларда «Часовня» (Георгий Победаносец) ёдгорлиги атрофида шов-шувлар тинмаяпти. Шу соҳада 1985 йилдан бери ўқиб, ишлаб келаётган бир оддий мутахасис сифатида, четда томашабин бўлмай, ўзимнинг мустақил – норасмий фикримни билдиришга жазм қилдим…

Бу албатта менинг – Ватанини, тупроғини, она халқини, унинг тилини, қадриятларини ва маданиятини бошқалардан кам севмайдиган бир мусулмон ўғлон, ислом обидалари бўйича меъмор ва рассом – ижодкор сифатидаги шахсий, субъектив фикрим:

«Часовня» машмашасида мен фақат яхшилик ва эзгулик аломатини кўрдим. Европада ҳам концлагерлар, одам ёқиладиган печлар инсоният учун фашизмдан огоҳлик рамзи сифатида, Хиросимадаги айрим имоатлар, Берлиндаги Рейхстаг биноси ва дунёнинг бошқа чеккаларида ҳам босқинчилар зулмининг қолдиқлари, агрессорлар мозорлари, авваламбор инсонийлик инсонийлик нуқтаи назаридан, тинчликни қадрига етиш, ҳушёрлик учун, қолаверса тарих учун сақланиб келинади.

Аминманки, Часовня масаласи интернетга, ОАВ чиқмасдан аввал кам доирадаги мутахассислардан ташқари ҳамма ҳам бу ёдгорлик ҳақида билмасди. Аввалмабор буни халқимиз бунёд этмаган, мавжуд ёдгорлик таъмирланди… Энди халқимиз ва қолаверса, бутун инсоният қадим Шош – Тошкент шаҳри, юртимиз – Туркистон – Турон қонли жанг билан ишғол қилинганини, бобокалонларимиз, она шаҳрини, юртини қамалдан мардонавор ҳимоя қилиб, қаттиқ қаршилик кўрсатиб, шаҳид бўлганини, момоларимиз зўрланганини, ўша даврдаги халқимиз мустақиллигимиз шу нуқтада бой берилганини яхши билиб олди.

Эшитишимча, уйи бузилганлар ҳокимлик томонидан керагидан ортиқ даражада рози қилинган. Бу обида халқимизни бирлашишга, тарқоқ бўлмасликка, ватан мустақиллигини, тинчликни асрашга чорловчи, қуллик либосини қайта киймасликка даъват ёдгорлигидир.

Тарихга тўғри баҳо берилди. Буюк адимиз Абдулла Қодирий таъбирлари билан айтганда: «Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир». Ҳеч бир шубҳа йўқ-ки, яқин келажакда Ватан озодлиги учун курашган Тўмарисга, Широққа, Спитаменга, Темур Маликка, Шермуҳаммадбек, Иброҳимбек, Эргаш қўрбоши ва бошқа қаҳрамонларимизга, Жиззах қўзғолони, Қўқон воқеаси ва яқин ўтмишдаги бошқа воқеаларга атаб ҳам атаб ёдгорликлар қўйилади.

Бу биринчидан, авлодлар хотираси олдидаги маънавий бурчимиз, қолаверса, сайёҳлик борасида жуда бой ва ноёб тарихга эга мамлакатга айланамиз. Бизни дунё янада кўпроқ танийди, янада кўроқ эътироф этади.

Ўтмишнинг қора кунларини эслатиб, халқимизни огоҳликка чорлашга хизмат қилувчи бу ёдгорликни тиклашга ҳисса қўшган барча ташкилот ва инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Бу буюк инсонпарвар, байналмилал ва жафокаш халқимизнинг донишмандлиги рамзи.

Зеро тарихнинг аччиқ ҳақиқатидан кўз юмиб бўлмайди! Фикрларим хато бўлса узр…»

Шавкат Музаффаров, рассом ва меъмор

 

Эслатма! Муаллиф фикри сайт нуқтаи назарини ифодаламайди.

Киритилди: 19:00 28.04.2020. Ўқилди: 6714 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!