Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият туфайли ушбу минтақадаги ўзбекистонликларни эвакуация қилиш бўйича Бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берди.
Бугун, 2 март куни Вазирлар Маҳкамасида видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Унда ушбу топшириқ ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган. Шу билан бирга, видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон фуқароларини хавфсиз ва тизимли равишда мамлакатга қайтариш бўйича зарур чораларни кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.
Хусусан, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва минтақанинг бошқа давлатларидан фуқароларни қайтариш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш топширилган. Шунингдек, Ўзбекистондаги авиакомпанияларга Форс кўрфази давлатларида бўлиб турган ўзбекистонликларни қайтариш чораларини кўриш топшириғи берилган. Барча зарур чоралар вазият билан боғлиқ ҳолда тезкорлик билан амалга оширилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умра дастури доирасида Саудия Арабистонига олиб борилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини мамлакатга қайтариш мақсадида махсус рейслар ташкил қилиниши ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ҳамда бошқа турдаги хорижий ташрифларни вазият барқарорлашгунига қадар вақтинча кечиктириб туриш тавсия қилди.