Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 8 май куни Ўзбекистон халқига 9 май Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан байрам табриги йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, диёримиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро аҳиллик ва тотувликни асраш йўлида қаҳрамон ота-боболаримизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган сабот ва матонати биз учун ҳамиша ибрат мактаби, куч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Ушбу унутилмас айёмда сиз, азизларни, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман”, деган Президент.
Давлат раҳбари 2025 йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг доллар миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари ва “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари топширилгани фахрийларга эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлганини таъкидлаган.