Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Шавкат Мирзиёев: Мақсадимиз – Янги Ўзбекистон ёшларини баркамол шахслар сифатида вояга етказиш

Шавкат Мирзиёев: Мақсадимиз – Янги Ўзбекистон ёшларини баркамол шахслар сифатида вояга етказиш

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга расмий ташрифи доирасида Маҳтумқули номидаги Туркманистон давлат университетига ташриф буюрди.

Ёшлар, санъат усталари давлатимиз раҳбарини тантанали кутиб олди.

Президентимизга ушбу университетнинг Фахрий профессори унвонини бериш маросими бўлди. Университет ректори Байрамгул Ораздурдиева ва Туркманистон Фанлар академияси президенти Аллаберди Аширов Шавкат Мирзиёевга Фахрий профессор либоси ва тегишли унвон берилгани тўғрисидаги сертификатни тантанали топширдилар.

Учрашув иштирокчиларига мурожаатида мамлакатимиз етакчиси ушбу унвон учун самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Президенти таълим ва тарбия азал-азалдан давлатлар ва халқлар тараққиётини белгилаб берувчи, уларнинг қудратини юксалтирувчи куч бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

- Ҳар қандай жамиятнинг келажаги бугунги ёш авлод нақадар билимли ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига бевосита боғлиқ. Айнан шунинг учун Ўзбекистонда, Туркманистонда бўлгани каби, таълим-тарбия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бизнинг мақсадимиз – Янги Ўзбекистон ёшларини дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр баркамол шахслар сифатида вояга етказиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқаро сиёсат масалаларига тўхталиб, вужудга келаётган янги хатар ва таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтариш учун минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

- Вазиятдан чиқишнинг бирма-бир йўли – ҳар бир давлат, ҳар бир халқнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган конструктив мулоқот, - деди Президентимиз.

Ўзбекистон Туркманистон билан халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан самарали ҳамкорлик қилаётгани, БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасида бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидланди.

Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев Маҳтумқули номидаги Туркманистон давлат университети юқори малакали кадрларни тайёрлашнинг шонли анъаналарини давом эттириши, унинг битирувчилари эса Туркманистонни янада ривожлантиришдек олижаноб мақсадга шараф билан хизмат қилишларига ишонч билдирди.

Туркманистон давлат университети мамлакатнинг биринчи ва энг йирик университети. У 1931 йилда очилган Ашхобод педагогик институти негизида ташкил этилган.

Ўзбекистон Президенти университет ҳаётига оид кўргазмани ҳам кўздан кечирди.

Бу ерда фаолият юритаётган 12 та – математика, физика, кимё, биология, география, тарих, туркман ва хорижий тиллар, ахборот технологиялари ва ҳуқуқшунослик факультетларида 7 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда.

Киритилди: 20:07 21.10.2022. Ўқилди: 1632 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!