Бугун 28 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

"School 21" Тошкентда рақамли муҳандислар тайёрлашни бошлайди

A A A
"School 21" Тошкентда рақамли муҳандислар тайёрлашни бошлайди

Бугун, 30 май куни Инҳа университетида "School 21" IT мактабининг иккинчи кампуси очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири маслаҳатчиси Бобур Раҳимов, "School 21" бошқарувчи директори Зарина Лухманова, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

"School 21" Тошкентда рақамли муҳандислар тайёрлашни бошлайди

Маълумот учун, Тошкент шаҳридаги "School 21" кампусида IТ-мутахассисларни бепул тайёрлаш бўйича қабул бошланди. Биринчи саралаш «бассейн»и 2024 йил 26 августда бошланади. Сиз ҳозирданоқ ўқиш учун мактаб сайтида ариза беришингиз мумкин. "School 21" – бу Ўзбекистон ва унга яқин мамлакатларда истиқомат қилувчи 18 ёшдан ошган барча фуқароларга IТ соҳасида талаб юқори бўлган касбни бепул эгаллаш имконини берадиган рақамли технологиялар мактабидир.

"School 21" Тошкентда рақамли муҳандислар тайёрлашни бошлайди

«Бу кампуснинг очилиши Ўзбекистонда таълим ва рақамли технологияларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади. Бу, ўз ўрнида, таълимга инновацион ёндашув, рақамли иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш, халқаро ҳамкорлик, инновациялар ва стартап лойиҳаларини рағбатлантириш каби жараёнлар билан узвий боғлиқ», — деди Рустам Каримжонов.

"School 21" Тошкентда рақамли муҳандислар тайёрлашни бошлайди

Матбуот анжуманида ўқишга кириш жараёни бир неча босқичлардан иборат эканлиги ҳақида маълумот берилди. Аввалида иштирокчи мактаб веб-сайтида ариза топширади, хотира ва мантиқ бўйича иккита онлайн ўйинлардан ўтади, шундан сўнг навбат саралаш «бассейн»ига келади. Саралаш босқичида иштирокчилар 26 кун давомида нолдан код ёзадилар, ўйин яратадилар, шунингдек жамоавий ҳамда якка тартибда лойиҳаларни амалга оширадилар. Иштирокчиларнинг 50% дан ортиғи учун лойиҳада иштирок этиш – бу дастурлашдаги илк тажрибадир.

«Бассейн»ни муваффақиятли якунлагандан сўнг, иштирокчилар асосий таълимга ўтадилар, яъни 1,5-3 йил давомида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали IТ муҳандиси, дастурчи, МЛ ва ишлаб чиқариш бўйича муҳандис, IТ лойиҳа менежери, таҳлилчи, кичик ва ўрта ишлаб чиқарувчи даражасига етадилар. Бундай натижаларга мактабнинг ўзига хос хусусиятлари, масалан, «тенгдош-тенгдошга» ўқитиш услуби – бунда иштирокчилар ўқиш пайтида бир-бирларидан ўрганадилар, мослашувчан жадваллар, таълим жараёнини геймификация қилиш ва амалиётга катта эътибор бериш орқали эришилади.

"School 21" Тошкентда рақамли муҳандислар тайёрлашни бошлайди

«Тошкент шаҳрида "School 21"нинг очилиши ахборот технологияларини турли фанларга интеграция қилиш орқали таълимга ижобий ўзгаришлар киритади. Бу талабаларга чуқур билим, рақамли кўникмалар ва ижодий фикрлаш қобилиятига эга бўлган юқори даражадаги мутахассислар бўлишда ўзига хос имкониятларни беради. Қолаверса, олий ўқув юртларининг "School 21" билан ҳамкорлиги талабаларга замонавий технологиялардан фойдаланиш, амалий лойиҳалар ва жамоавий ишлар билан шуғулланишлари учун йўл очади. Бу уларнинг дунёқарашини кенгайтиради, етакчилик хислатларини ривожлантиради ва замонавий давр муаммоларини ҳал қилиш ҳамда илм-фан ва технологиялар тараққиётига ҳисса қўшишга қодир мутахассисларни шакллантиради», — деди Бобур Раҳимов.

«Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида IТ хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган. Бунга эришиш учун IТ инфратузилмаси ва унга бўлган бозор талабини ривожлантириш ҳамда халқаро компанияларни жалб қилиш каби комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина, жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида соҳа хизматлари ҳажми 20 фоизга ошди, 200 миллион долларлик экспорт амалга оширилди ва 5 мингта иш ўрни яратилди. IТ саноатининг жадал ривожланиши ва компаниялар сонининг кўпайиши туфайли мамлакатда малакали мутахассисларга талаб ортиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, давлат томонидан 300 мингдан ортиқ IТ мутахассисларини тайёрлаш вазифаси қўйилди. Соҳа учун ушбу кадрларни тайёрлашда эса "School 21" рақамли технологиялар мактаби муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

"School 21" Тошкентда рақамли муҳандислар тайёрлашни бошлайди

Таъкидлаш лозимки, "School 21" Ўзбекистон Республикасининг IT таълими йўналишига тезда мослашди ва мамлакатнинг рақамли трансформацияси учун мустаҳкам асос яратди. Қарийб 8100 квадрат метр майдонга эга бўлган мактаб кампуси Тошкент шаҳри, Зиёлилар кўчаси, 13-уй манзилида жойлашади. "School 21" узлуксиз 24 соат ишлайди, бу ўзингизга қулай бўлган ҳар қандай вақтда ўқиш имконини беради.

«Тошкентда "School 21"нинг очилиши – бу мамлакатимиз таълим ва технология саноатини ривожлантиришда яна бир муҳим қадамдир. Биз фақат таълим ва инновациялар орқали ҳар бир инсон ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши мумкин бўлган келажакни ярата оламиз. Мактаб шунчаки таълим берадиган жой эмас, балки иқтидорли ёшларнинг ўз атрофидаги дунёни ўзгартириш учун билим, кўникма ва илҳом оладиган маркази бўлишга интилмоқда. Биз келажакдаги инновацион жамиятни шакллантиришда ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкинлигидан фахрланамиз. Шу ўринда, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва мамлакатимизнинг ахборот технологиялари соҳасидаги мавқейини жаҳон миқёсида мустаҳкамлаш имконини бераётганлиги учун Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деди Зарина Лухманова.

"School 21" Тошкентда рақамли муҳандислар тайёрлашни бошлайди

Тошкент шаҳридаги "School 21" – бу республикада иккинчи кампус бўлади. Ўтган йилнинг декабрь ойидан ушбу лойиҳа Самарқандда ишга туширилди ва айни пайтда юқори талабга эга бўлмоқда. Унинг ўтган даврдаги фаолияти давомида 10 000 дан ортиқ аҳоли асосий таълим учун ариза топширган ва IТ соҳасида ўзларини синаб кўришга қарор қилган. Шунингдек, бу ерда Самарқандлик иштирокчилардан ташқари, Тошкент, Бухоро, Жиззах ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидан келганлар ҳам таҳсил олмоқда.

Олдинда, таълим иштирокчиларини мамлакатнинг йирик компанияларида уч ой давом этадиган тажриба амалиёти кутмоқда. "School 21" бу борада "OsiyoTech", UIC, QUBIT, GAME PRIME STUDIO, IT-Park ва IT-Bilim резидентлари ва бошқа кўплаб компаниялар билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда.

Киритилди: 18:06 30.05.2024. Ўқилди: 1364 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!