Россиянинг “Сбербанк” банки Саратов вилоятининг Балаково шаҳридаги маълумотларни қайта ишлаш марказига дронлар ҳужуми бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС банк бошқаруви раисининг ўринбосари Александр Ведяхинга таяниб хабар берди.
“Ҳужум содир бўлганини тасдиқлаймиз. Шу билан бирга, банкнинг барча тизимлари ва хизматлари одатдагидек ишламоқда”, — деди Ведяхин.
Аввалроқ вилоят губернатори Роман Бусаргин дронлар ҳужуми оқибатида Балаковода бир нечта турар жой бинолари шикастлангани ва бир киши ҳалок бўлганини маълум қилган эди.
Балаково шаҳрида барпо этилаётган “Сбербанк”нинг маълумотларни қайта ишлаш маркази Россиядаги энг йирик маълумотларни қайта ишлаш маркази бўлиши режалаштирилган. Майдони 60 минг квадрат метр бўлган объектда тахминан 120 мингта сервер жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Марказ қурилишини 2027 йилнинг биринчи чорагида якунлаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Украина “Яндекс” компаниясининг учта маълумотлар марказига ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган. Компаниянинг бундай марказлари олтита.