Лувр директори Кристоф Лерибо, агар бино таъмирланмаса, машҳур Париж музейи ташриф буюрувчилар учун эшикларини ёпиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради Аnadolu.
Музейни комплекс таъмирлаш учун "Луврнинг янги юксалиши" деб номланган лойиҳа ишлаб чиқилди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, уни амалга ошириш 15 йил давом этиши мумкин.
Ҳозирда Луврда шошилинч таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Қўшимча видеокузатув камералари ўрнатилди ва бино атрофидаги тўсиқларни мустаҳкамлаш ишлари бошланди. Лерибонинг сўзларига кўра, музей хавфсизлиги энг муҳим устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
2025 йилдаги талончиликдан кейин шикастланган галереядаги заргарлик буюмлари вақтинча бошқа жойга кўчирилди. Янги кўргазма шкафлари ўрнатилгандан сўнг, экспонатлар қайтарилади. Коллекциядаги бошқа қимматбаҳо буюмлар хавфсизроқ жойларга кўчирилди.
Иқлим ўзгариши ва киберхавфсизлик таҳдидлари ҳам раҳбариятни алоҳида ташвишга солмоқда. Лерибо таъкидлаганидек, Лувр инфратузилмасининг ҳолати жуда хавотирли. Таъмирлаш ишлари эскалаторлар, шифтлар, ёритиш ва кондиционер тизимига ҳам таъсир кўрсатди.
Музей нафақат техник муаммоларга, балки ташриф буюрувчиларнинг ҳаддан ташқари оқимига ҳам дуч келмоқда. Луврнинг асосий кириш қисми бўлиб хизмат қиладиган шиша пирамида энди йилига 9 миллион ташриф буюрувчини бемалол қабул қила олмайди.
Кенг кўламли таъмирлаш ишларини бошлаш тўғрисидаги қарор 2027 йилги президентлик сайловларидан кейин ташкил этиладиган Франция ҳукумати томонидан қабул қилинади. Лерибо расмийларни таъмирлаш ишларини кечиктирмасликка чақирди.
Унинг сўзларига кўра, таъмирлаш ва модернизация қилинмаса, Лувр музейи ўз обрўсини йўқотиши ва охир-оқибат жамоатчиликни қабул қилиш қобилиятини йўқотиши мумкин.