Ямандаги «Ансор Аллоҳ» ҳаракати Саудия Арабистони ҳудудидаги бир қатор стратегик объектларга дронлар ва баллистик ракета ёрдамида зарба берганини даъво қилди.
Ҳаракат вакили Яҳё Сариънинг билдиришича, Ар-Риёдда жойлашган Saudi Aramco нефть-газ компанияси объекти ҳужум нишонларидан бири бўлган.
Шунингдек, ҳусийлар мамлакат жанубидаги Шарура аэропортида ҳарбий-транспорт самолётига дрон орқали зарба берилганини маълум қилди.
Яҳё Сариъ Хамис-Мушайт шаҳридаги авиабаза ҳам баллистик ракета билан нишонга олинганини таъкидлади.
Ҳаракат вакилининг даъвосига кўра, операция давомида белгиланган нишонларга зарба берилган. Ҳозирча ушбу маълумотлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.