Нефть саноатидаги маълумотларга кўра, зарарланган «Шарқ — Ғарб» нефть қувурини таъмирлаш ишлари беш-олти ҳафтагача давом этиши мумкин. Риёз ҳозирча таъмирлаш ишларининг расмий муддатларини маълум қилмаган.
Дронлар ҳужуми натижасида нефть қувурининг насос станциялари зарарланган. Спутник тасвирларида бир нечта объектда жиддий шикастланишлар кўринган. Саудия Арабистони маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида жабрланганлар бор.
Ҳужумлар ортида ким тургани ҳозирча расман аниқланмаган. Саудия Арабистони ва Ироқ дронлар Ироқ ҳудудидан учирилганини билдирган. Бағдод ҳукумати тергов бошлаган. Илгари эса ҳужумни Яман ҳусийлари амалга оширган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган эди.
Нефть саноати вакиллари қувур узоқ вақт ишламай қолса, жаҳон бозори нефть таъминотининг сезиларли қисмидан маҳрум бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
Сўнгги вақтларда «Шарқ — Ғарб» нефть қувури орқали кунига тахминан 4–5 миллион баррель нефть ташилган. Бу жаҳондаги нефть таклифининг 5 фоизигача бўлган қисмни ташкил этади.
Трейдерлар ва Саудия нефтини сотиб олувчилар маълумотига кўра, Янбу портидаги нефть захиралари атиги 5–7 кунга етиши мумкин. Агар шу вақтга қадар қувурни ҳеч бўлмаса қисман ишга тушириш имкони бўлмаса, экспорт ҳажми сезиларли даражада қисқариши мумкин.
Бозор ҳозирнинг ўзидаёқ хавотир билан реакция билдирмоқда: нефть нархлари кўтарилмоқда. Экспертлар қувурнинг янада узоқ вақт ишламай туриши ёқилғи нархларининг янада ошишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.