Саудия Арабистонининг Даммам шаҳридаги Қирол Фаҳд халқаро аэропортига қилинган ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна саккиз киши жароҳатланди.
Саудия Арабистони давлат ахборот агентлиги (SPA) мамлакат Фуқаро авиацияси бош бошқармасига таяниб хабар беришича, ҳужум 21 октябр, чоршанба куни кечқурун содир бўлган.
Дастлаб бир киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди. Бироқ 22 октябрда эълон қилинган янгиланган расмий маълумотга кўра, қурбонлар сони икки нафарга етган. Ҳалок бўлганлар Саудия Арабистони фуқароси ва Ҳиндистон фуқароси экани билдирилган.
Жароҳатланган саккиз нафар шахс орасида Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Яман, Бангладеш ва Непал фуқаролари бор. Уларнинг айримлари оғир аҳволда бўлиб, барчаси шифохоналарда тиббий ёрдам олмоқда.
Ҳужум оқибатида аэропорт инфратузилмасига ҳам моддий зарар етган. Масъул идоралар унинг кўламини баҳолаш ва хавфсизликни таъминлаш ишларини олиб бормоқда.
Саудия авиация идорасининг сўнгги баёнотига кўра, аэропорт фаолияти тикланган ва ҳаво қатновлари одатий тартибга қайтган.
Ҳужум қандай восита билан амалга оширилгани ва унинг ортида ким тургани ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Сўнгги ҳафталарда Саудия Арабистонидаги аэропортлар ва энергетика объектларига бир неча бор ҳужум уюштирилган.