Саудия Арабистони Яманда ҳусийларга қарши ҳарбий операция ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлигига минтақадаги ва Ғарбдаги манбалар маълум қилди.
Уларнинг сўзларига кўра, ҳозирда икки вариант кўриб чиқилмоқда: Қизил денгиздаги денгиз қатнови йўлини хавфсизлантиришга қаратилган чекланган операция ёки бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда зарба бериш.
Reuters маълумотига кўра, операция яқин ҳафталарда бошланиши кутилмоқда. Уни Ар-Риёд қўллаб-қувватлайдиган Яман кучлари амалга оширади, Саудия Арабистони авиацияси эса ҳаводан зарбалар билан ёрдам беради.
Операция кўламига қараб, унга 100 мингдан ортиқ яманлик ҳарбий жалб қилиниши мумкин.
Агентлик манбалари операциянинг аниқ муддати, унда иштирок этадиган кучлар таркиби ва барча мақсадлари ҳақида қўшимча маълумот бермаган.
АҚШ Саудия Арабистонига разведка маълумотлари ва ҳарбий маслаҳатчилар билан ёрдам бермоқда. Бироқ Вашингтоннинг жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этиши кутилмаяпти.
Операцияга тайёргарлик ҳусийларнинг сентябрь ойида кескин илгарилашидан сўнг бошланган. Улар Қизил денгиз соҳили бўйлаб бир қатор ҳудудларни эгаллаб, Боб ал-Мандеб бўғозидаги стратегик аҳамиятга эга Перим оролига етиб борди.
Бу эса ҳусийларнинг дунёдаги энг муҳим денгиз савдо йўлларидан бири устидан назорат ўрнатиш имкониятларини янада кучайтирди.