Саудия Арабистони ҳукумати икки ҳарбий хизматчини ватанга хиёнатда айблаб қатл қилди.
Бу ҳақда қироллик мудофаа вазирлиги баёнотида айтилади.
Маълумотларга кўра, Саудия Арабистони ҳаво кучлари подполковниги Мажед бин Муса Авад ал-Балавий ва штаб-сержант Юсуф бин Рида Ҳасан ал-Азуний 2017 йилда ҳибсга олиниб, ўлим жазосига ҳукм қилинган. Суд ҳар икки ҳарбий хизматчи ҳам давлатга хиёнат қилиш, буйруқни бажармаслик ва “миллат манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортиш”да айбдор деган хулосага келди.
Айбланувчилар суд жараёнида айбларини тан олдилар, дейилади мудофаа вазирлиги баёнотида. Қироллик фармонига мувофиқ, ҳукм пайшанба куни Саудия Арабистони жануби-ғарбида жойлашган Тоиф шаҳрида ўтказилди.