“Вақф” фонди раҳбари ўринбосари Сардор Раҳимхоннинг “youtube” саҳифасида «Сардорга бўгма илон ташланди. Етимлар хавф остида қолди”сарлавҳаси остида видео юкланиб, кўплаб эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда.
Наманган вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг маълум қилишича, видеодаги илон тури Наманган вилоятидаги давлат ҳисобига қўйилган «Косонсой дорбозлари» номли хусусий ҳайвонот боғига тегишли. Ҳайвонот боғи директорининг таъкидлашича, илонни видео олиш учун олиб кетишган ва кўп ўтмай қайтариб беришган. Ушбу илон сунъий боқилиши натижасида одамларга ўргатилган, ҳеч кимга ҳеч қандай зарар етказмаган.
Бундан келиб чиқадики, бу питон илони видео олиш, хайп қилиш учун атайин олиб келинган.
Экология вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилган. Бунда ёввойи ҳайвонлардан цирк томошаларида фойдаланиш, жамоат жойларида олиб юриш ва сайр қилдириш, махсус қафассиз бошқа жойларга ташиш, ҳайвонлардан фойдаланган ҳолда фото ва видео тасвирларга тушириш, телекўрсатувларда ва бошқа тадбирларда ҳайвонларни намойиш этиш мақсадида олиб бориш ёки бошқа шахсларга фойдаланишга бериш, шунингдек, сотиш, совға қилишни тақиқлаш кўзда тутилган.