Бугун 23 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Саратон билан касалланиш хавфини оширувчи яна бир омил аниқланди

Саратон билан касалланиш хавфини оширувчи яна бир омил аниқланди

Татуировкалар бутун дунёда бир неча ўн йиллар олдингига қараганда ҳозир анча кенг тарқалган. Аммо улар машҳурлигининг глобал ўсиши билан бир қаторда, жаҳон бўйлаб лимфа тизимининг саратони бўлган лимфома билан касалланиш ҳолатларининг ўсиши ҳам кузатилди. Швециядаги Лунд университети тадқиқотчилари янги тадқиқотда бу икки ўсиш ўртасидаги алоқадорликни текширишди.

Лимфа иммун тизимининг бир қисмидир. У организмдаги суюқлик мувозанатини сақлайди ва инфекциялардан ҳимоя қилади. Лимфа тизимини зарарловчи саратоннинг иккита асосий тури мавжуд: барча лимфомаларнинг тахминан 90 фоизини ташкил этадиган Хожкин бўлмаган лимфома (ХБЛ) ва Хожкин лимфомаси. ХБЛнинг 40 га яқин кичик турлари мавжуд бўлиб, улар ўсиш ва тарқалиш суръатлари билан фарқ қилади. ХБЛ саратоннинг энг кенг тарқалган турларидан бири бўлиб, ҳар қандай ёшда пайдо бўлиши мумкин.

“Чекиш ва ёш каби бошқа муҳим омилларни ҳисобга олганимиздан сўнг, биз татуировка қилинганлар орасида лимфома ривожланиш хавфи 21 фоизга юқори эканлигини аниқладик, — деди Лунд университетининг эпидемиология кафедраси доценти ва тадқиқот муаллифи Кристел Нилсен. — Энди натижаларни бошқа тадқиқотлар доирасида ҳам текшириб кўриш ва ўрганиш зарур ва бу ишлар давом этмоқда”.

Маълумотларни таҳлил қилишдан олдин, олимлар каттароқ татуировка лимфома ривожланиш хавфини ошириши мумкинлигини тахмин қилишди. Аммо натижалар шуни кўрсатдики, татуировка катталигидан қатъий назар саратон билан касалланиш хавфи сақланиб қолади.

Олдинги тадқиқотлар шуни кўрсатган эдики, татуировка сиёҳининг зарралари лимфа тугунларигача ўтиши мумкин.

Тадқиқотчилар энди татуировка ва саратоннинг бошқа турлари, шунингдек, яллиғланиш касалликлари ўртасидаги боғлиқликни ўрганиб чиқишади.

Тадқиқот “eClinical Medicine” журналида чоп этилди.

*Оч яшил рангли лента ХБЛга қарши кураш тимсоли ҳисобланади.

Киритилди: 10:06 15.08.2024. Ўқилди: 1419 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!