Самвел Бабаян Локомотив профессионал футбол клуби президент маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, унинг катта тажрибаси ҳамда ўзбек футболидаги самарали меҳнатини инобатга олиб Локомотив ПФК раҳбарияти ишга таклиф қилган.
Самвел Бабаян Пахтакор даги фаолияти давомида клуб 9 бор мамлакат миллий чемпионати ҳамда 8 марта Ўзбекистон Кубоги ғолиби деб топилган. Бундан ташқари Пахтакор нинг икки бор (2002/2003, 2004) Осиё чемпионлар лигаси ярим финалига етиб боришида, 2002 йил мавсум якунларига кўра Осиёнинг энг яхши футбол клуби деб топилишида, шунингдек МДҲ Кубогининг 2007 йилги мусобақасида чемпион бўлиши ҳамда кейинги йил финалга қадар етиб боришида қўшган ҳиссаси катта.
Бундан ташқари Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида ҳам самарали меҳнат қилган ва унинг қўл остида 42 нафар футболчи мамлакат бош жамоасида ўз дебютини нишонлаган. Шунингдек, Самвел Вячеславович турли йилларда Ўзбекистоннинг олимпия, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига Пахтакор менежери сифатида 200га яқин футболчиларни тарбиялаб берган. Яна шуни таъкидлаш жоиз, Самвел Бабаян ўзбек футболига қўшган улкан ҳиссаси туфайли икки бор Ўзбекистоннинг Энг яхши мураббийи деб топилган.
Унинг олдига Локомотив ПФК президенти Раджапов Мансур Кучкарович томонидан қуйидаги асосий вазифалар белгилаб қўйилган:
1. Клуб инфратузилмасини кўтариш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш;
2. Локомотив болалар ва ўсмирлар футбол мактабини ривожлантириш ва замонавий фаолият юритишини йўлга қўйиш;
3. Клуб материал-техник базасини янада шакллантириш ҳамда бунинг учун керакли барча чора-тадбирларни амалга ошириш.
Эслатиб ўтамиз, Бабаян ЎФФ Ижроия Қўмитаси Бюросининг 2018 йил 15 январдаги қарорига мувофиқ футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилганди. 2018 йилнинг 27 март куни ўзбекистонлик мутахассис Латвия чемпионига айланган Спартак Юрмала жамоасини бошқариши, ЎФА Ижроқуми 1 февраль куни Бабаяндан дисквалификацияни олиб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалганди.