Шу кунларда Самарқандда ноқонуний қурилган кўп қаватли бино яна муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:
Самарқанд тумани “Жўйисой” маҳаласида фуқаро Ф.Халилов томонидан ўз уйининг бир қисмини бузиб, ўрнига меҳмонхона қурилиши ҳеч қандай шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан амалга оширилган.
Қуйидаги бир қатор камчиликлар аниқланган:
Қурилишга рухсат берувчи Самарқанд тумани ҳокимининг қарори ёки туман қурилиш бўлими рухсатномаси мавжуд эмас;
Архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) мавжуд эмас;
Муҳандислик геологияси, лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган ҳамда тасдиқланмаган;
Белгиланган тартибда шаҳарсозлик кенгашидан ўтмаган;
Меҳмонхона мажмуаси объекти бош режасини натурага кўчириш далолатномаси расмийлаштирилмаган (ШНҚ 3.01.01-03нинг 2.4 банди бажарилмаган);
Қурилиш объектида фойдаланилган қурилиш материалларининг талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги паспорт ва сертификатлари тақдим этилмаган;
ШНҚ 3.01.01-03нинг 7.8 ва 9.9 бандларига асосан ёпиқ ишларни гувоҳлаш далолатномалари тақдим этилмаган;
Мутахассислар томонидан биноларнинг сейсмологик жиҳатдан талабларга жавоб бермаслиги ҳам аниқланган.
Юқоридаги камчиликлар мавжуд бўлсада, қурилишга рухсат берувчи бошланғич шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмаган бўлса ҳам қурилиш-монтаж ишлари конструкциялар битгандан сўнг “Констант Лойиҳа” МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. “Триумф Лойиҳа” МЧЖ хусусий экспертиза ташкилоти томонидан эса тўлиқ ишлаб чиқилмаган лойиҳа ҳужжатларига бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолда хулоса берилган.
Қурилиш ишлари давомида туман қурилиш бўлими ва ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан бир неча бор қурилишни тўхтатиш бўйича кўрсатмалар берилган бўлсада, фуқаро Ф.Халилов томонидан ишлар ўзбошимчалик билан давом эттирилган. Меҳмонхона қурилиши объекти бўйича махсус лицензияга эга “SVP MASKAN” МЧЖ мутахассислари томонидан 2016 йилда биноларнинг техник ҳолати ўрганилиб, ригел ва темир бетон рамкаларни кучайтириш учун лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш бўйича хулоса берилган. Ушбу кучайтириш бўйича тегишли лойиҳа ишлаб чиқилмаган ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган.
“Ўзоғирсаноатлойиҳа” институти АЖ ва ҳудудий инспекция ходимлари томонидан 2022 йил 6 май куни биноларнинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” институти АЖнинг хулосасига асосан биноларнинг ҚМҚ, ШНҚ талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлиги ўз тасдиғини топган ҳамда биноларни бузиш бўйича хулоса берилган.
❗️Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган бу бино бўйича Республика комиссияси хулосаси ва 2022 йилнинг 6 июль куни фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди томонидан Ф.Халиловга Самарқанд тумани “Жўйисой” МФЙ ҳудудидаги ўзига тегишли бўлган ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда қурилган 12 қаватли бино-иншоот (меҳмонхона)ни ўз ҳисобига бузиши тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган ва ижро учун юборилган.