Кеча “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида узунлиги 4,5 метр, баландлиги 2 метр бўлган қозонда 7 тонналик ош тайёрланди.
Тадбир давомида фестивалнинг илк кунида маҳаллий ошпазлар иштирокида ўтказилган кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танлов натижасига кўра, 1-ўринни Тошкент шаҳри ошпазлари эгаллаган бўлса, кейинги ўринлар Бухоро ва Хоразм вилоятлари ошпазларига насиб этди.
zarnews.uz‘нинг хабар беришича, ошни тайёрлаш учун 1700 килограмм гуруч, 1900 килограмм сариқ сабзи, 480 килограмм қизил сабзи, 830 килограмм қўй гўшти, 830 килограмм мол гўшти, 130 килограмм думба, 350 литр ўсимлик ёғи, 200 килограмм пиёз, 100 килограмм нўхат, 170 килограмм майиз, 5 килограмм зира, 3 килограмм мурч, 17 килограмм қорақанд, 50 килограмм туз, 450 литр сув ва талабга биноан зиғир ёғи ишлатилган.
Ош тайёрланишида бош-қош бўлган самарқандлик машҳур ошпаз Абдуманнон Нусратовнинг таъкидлашича, 7 тонналик ош 50 нафар ўзбекистонлик, 5 нафар хорижлик ошпазлар томонидан 5 соатда пиширилиб, 10 нафар ошпаз 2,5 соатда сузган. Ошни пиширишда 35 нафар самарқандлик ошпаз иштирок этган.
Тайёрланган ош меҳмонлар билан бир қаторда саховат ва мурувват уйлари, туман, шаҳарлардаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, тиббиёт муассасалари, манзилли колониялар ва ободонлаштириш бўлимларига тарқатилди.