Қаршининг “Насаф” клуби матбуот хизмати ходими Сарвар Бобоназаров ўзининг “Х” (собиқ Twitter) тармоғидаги саҳифасида Самарқанд ҳамда андижонлик футбол мухлислари шаънига номақбул сўзлар ишлатгани боис жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.
Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Шундан сўнг “Динамо” ва “Андижон” клублари Бобоназаровнинг мухлисларга нисбатан ҳақоратомуз ва асоссиз баёнотлари бўйича “Насаф” матбуот хизматидан расмий тушунтириш сўраган. Жумладан, “Андижон” клуби матбуот хизмати “Насаф” расмийлари – Ботир Қораев ва Сардор Нуров билан боғланиб, вазият юзасидан изоҳ сўраган.
“Динамо” клуби матбуот хизматининг маълумотига кўра, Бобоназаров Самарқандда ўтказилган ўйинда VAR техникаси Жиззахдан етиб келмаганини баҳона қилиб, мезбон клуб бўлган Самарқанд жамоаси ҳақида ҳақоратомуз фикр билдирган.
Ўз навбатида, “Насаф” футбол клуби матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унда айтилишича, матбуот хизмати ходими Сарвар Бобоназаров айни пайтда меҳнат таътилида бўлиб, мазкур учрашувда хизмат вазифасини бажармаган. Шунга қарамай, у шахсий “Х” саҳифасида “Динамо” ва “Андижон” жамоалари мухлислари шаънига нисбатан номақбул ифодаларни қўллаган.
Баёнотда шундай дейилади:
Мазкур шахсий фикрлар клуб позициясини акс эттирмайди. "Насаф" футбол клуби ҳар қандай ҳақорат ва камситиш ҳолатларини қатъиян қоралайди. Ушбу ҳолат бўйича танқидий йиғилиш ўтказилиб, керакли тушунтириш ишлари олиб борилди. Клуб ахлоқий меъёрларини қўпол равишда бузганлиги учун Сарвар Бобоназаров билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Маълумот учун, Самарқандда кечган “Динамо” — “Насаф” учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилди.