Саида Мирзиёева хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолияти билан танишди. Айни пайтда мазкур таълим муассасасида 260 нафардан зиёд иқтидорли ўғил-қиз таҳсил олмоқда.
Ўқув жараёнида STEM йўналишига — математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологияларига алоҳида эътибор қаратилган. Ўқувчилар ушбу фанларни чуқур ўзлаштириш билан бир қаторда, турли лойиҳалар устида ишлаб, олган билимларини амалиётда қўллаш кўникмасини шакллантиради ҳамда мустақил тадқиқотлар олиб боради.
Хорижий тиллардан инглиз ва хитой тиллари кучайтирилган тартибда ўқитилмоқда.
Шу билан бирга, ўқув дастурининг муҳим қисми она тили, Ўзбекистон тарихи, адабиёти ва миллий маданиятни ўрганишга ажратилган.
Ёшларга замонавий таълим бериш, улар учун келажакдаги имкониятлар эшигини очиш билан бирга, уларда Ватан туйғуси, миллий ўзлик ва маданиятга бўлган ҳурматни шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш муҳим.
Замонавий билим ва миллий қадриятлар уйғунлиги — таълимдаги энг муҳим ёндашувлардан биридир.