Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Бишкекда давлат чегараси бўйича шартнома имзоладилар.
Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Икки давлат ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар 2002 йилдан бери давом этаётган эди.
Узунлиги қарийб 1000 километр бўлган Қирғизистон-Тожикистон чегараси вақти-вақти билан можаролар кузатилиб турган. Энг йирик низолар 2021 ва 2022 йилларда юз берган.
2021 йилда уч кун давом этган жанглар натижасида 36 нафар қирғизистонлик ва 19 нафар тожикистонлик ҳалок бўлган эди. 2022 йил сентябр ойида икки кун давом этган чегара тўқнашувлари вақтида камида 100 киши ҳалок бўлиб, қарийб 140 минг киши эвакуация қилинганди.
Бу воқеалардан сўнг томонлар чегара делимитацияси бўйича ҳаракатларни фаоллаштирдилар.