Айрим фуқаролар Россияда олинган кредит қарзи Ўзбекистонда ундирилмайди, деб ўйлайди. Бу — нотўғри тасаввур.
Амалдаги қонунчиликка кўра, агар чет эл суди қарз ундириш ҳақида қарор чиқарган бўлса, у Ўзбекистонда ҳам тан олиниши ва ижро этилиши мумкин. Бу Фуқаролик процессуал кодекси ва Ўзбекистон–Россия ўртасидаги халқаро конвенциялар асосида амалга оширилади.
Россия суди қарори Ўзбекистон суди томонидан тан олингач, у Мажбурий ижро бюроси орқали ижро этилади. Қарздорнинг мол-мулкига тақиқ қўйилиши, банк ҳисобларидан пул ундирилиши ёки четга чиқиш ҳуқуқи чекланиши мумкин.
Шунинг учун “хориждаги қарз Ўзбекистонда ундирилмайди” деган фикр хавфли. Аксинча, қарз фоиз ва жарималар билан янада ошиб, кейинчалик Ўзбекистонда ҳам жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.
Хулоса: хорижда кредит олиш ёки кафил бўлишдан олдин барча ҳуқуқий оқибатларни чуқур ўйлаб кўриш керак.