Ҳарбий хизмат ёшидаги фуқаролар миграциясига бағишланган тадқиқотга кўра, янги оммавий сафарбарлик, мажбурий ҳарбий хизмат ва фронтга юборилиш эҳтимолидан хавотирланган қарийб бир миллион нафар ёш россиялик эркак Россияни тарк этган.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, уруш бошланганидан кейин ҳарбий хизматдан қочишга уринган ва мамлакатни тарк этаётган эркаклар сони сезиларли даражада ошган. Армия сафларини тўлдириш эҳтиёжи эса сафарбарлик ҳамда кўнгиллиларни жалб қилиш орқали қопланган.
Шу билан бирга, Россияда ҳар йили ҳарбий хизматга чақириладиганлар сони сўнгги 15 йил давомида тахминан 250 минг киши атрофида сақланиб қолмоқда. Қонунчиликка кўра, муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар жанговар ҳаракатлар ҳудудларига юборилмаслиги керак. Бироқ ҳарбий хизмат билан боғлиқ хавотирлар айрим ёшларни мамлакатни тарк этишга ундаётгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь ойида қисман сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг оммавий ахборот воситалари турли манбаларга таяниб, Россияни 600 мингдан қарийб бир миллионгача фуқаро тарк этган бўлиши мумкинлигини хабар қилган эди. Ўшанда Қозоғистон, Грузия ва бошқа давлатлар билан чегараларда узун навбатлар юзага келган, қўшни мамлакатлар эса келаётган россияликлар оқими кескин ошганини қайд этган.
2022 йилда эълон қилинган маълумотларга кўра, қисман сафарбарликдан кейинги биринчи ҳафтадаёқ ўн минглаб Россия фуқаролари Қозоғистон, Грузия, Финляндия ва Европа Иттифоқи мамлакатларига кириб борган. Россия ҳукумати эса сафарбарликдан кейин мамлакатни тарк этганлар сони бўйича расмий статистик маълумотларни эълон қилмаган.