Бугун 4 июнь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

2026 йил ёзда Марказий Осиё мамлакатларида аномал даражада кучли ёғингарчиликлар кузатилиши мумкин

2026 йил ёзда Марказий Осиё мамлакатларида аномал даражада кучли ёғингарчиликлар кузатилиши мумкин

БМТ Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг прогнозига кўра, Тинч океанидаги “Эл Нино” ҳодисасининг қайтиши минтақага мана шундай “кутилмаган ҳолат”ни олиб келади.

"Экваториал Тинч океанидаги жараёнлар ва Марказий Осиё об-ҳавоси ўртасидаги боғлиқлик бир қарашда тушунарсиз туюлиши мумкин. Бироқ 2026 йилда хавфли кумулятив эффект юзага келади. Антропоген омил сабабли сайёра атмосфераси ва гидросфераси аллақачон хавфли даражада қизиб кетган", дейилади прогнозда.

Таъкидланишича, об-ҳавонинг нормал ўзгариши ўрнига, минтақага улкан миқдорда ёғингарчилик тўсатдан ёпирилади. БМТ прогнозларига кўра, йилнинг бу пайтида одатда қуруқ об-ҳаво кузатиладиган Марказий Осиё ва АҚШ жануби аномал ёғингарчиликнинг асосий нишонларидан бирига айланади.

Шу билан бирга, Марказий Америка, Жанубий Американинг шимоли, Кариб ҳавзаси, Австралия, Индонезия ва Жанубий Осиёнинг айрим қисмларида асосан қуруқ об-ҳаво кузатилади.

“Эл Нино” — бу Тинч океани экваториал қисмининг марказий ва шарқий ҳудудларида юза сувларнинг аномал исиши билан боғлиқ иқлим ҳодисасидир. У ер юзининг турли минтақаларида атмосфера циркуляцияси ва об-ҳаво шароитларига таъсир кўрсатади. Ҳодиса одатда ҳар 2-7 йилда бир марта содир бўлади ва тахминан бир йил давом этади. Бироқ унинг таъсири Тинч океанидан анча узоқда сезилади ва деярли бутун Ер шарида ҳарорат ва ёғингарчилик тартибини ўзгартиради.

Киритилди: Бугун 12:54. Ўқилди: 598 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!