Красноярск ўлкасининг шимолида, Таймир ҳудудида оқ айиқ йўл ишчисига ҳужум қилди.
Бу ҳақда ТАССга минтақанинг тезкор хизматлари маълум қилди.
«Оқ айиқнинг ҳужуми оқибатида йўл ишчиси жабрланди», — дейилади тезкор хизматлар хабарида.
Эркакнинг бош қисмида тери шилиниши билан боғлиқ жароҳат, шунингдек, курак соҳаси ва иккала қўлининг панжаларида жароҳатлар аниқланган. Унинг соғлиғи ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда.
Ҳужум аҳоли яшаш ҳудудидан ташқарида, шунингдек, бирор корхона ҳудудига тегишли бўлмаган жойда содир бўлган.
Аввалроқ оқ айиқлар Диксон қишлоғига кира бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Учта оқ айиқ, жумладан, боласи бор айиқ қишлоқдан узоқлаштирилган.
Оқ айиқларни аҳоли яшаш ҳудудидан махсус «Айиқ патрули» ҳайдаб чиқаради. Қизил китобга киритилган ушбу ҳайвонларга ўқ узиш тақиқланган.