Бугун 30 май, 2026 йил, шанба

O'ZB

Россияда муфтийлар оммавий равишда ҳибсга олинмоқда

Россияда муфтийлар оммавий равишда ҳибсга олинмоқда

Уларга пора беришдан тортиб терроризмгача бўлган айбловлар қўйилмоқда

Май ойида Россиянинг турли регионларида муфтийлар ҳамда бошқа мусулмон диний арбоблар ва жамоатчилик фаоллари ушланаётгани ва ҳибсга олинаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Уларнинг айримлари террорчилик моддаси бўйича – “Мусулмон биродарлар” ташкилоти билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқда.

Мустақил журналистлар ва ҳатто Z-блогерлар ҳам бу таъқиблар тўлқинининг мақсади сифатида хавфсизлик кучларининг Россия Мусулмонлар идораси ва шахсан унинг раҳбари муфтий Равил Гайнутдин билан курашини кўрсатмоқда.

Қўлга олинганлар ва ҳибсга олинганлар диндорлар орасида машҳур бўлган, дейди сиёсатшунос ва исломшунос Ринат Мухаметов. Масалан, москвалик имом Али Бардвил ёшлар орасида кўзга кўринган воиз ҳисобланган, чунки у дунёвий тилда ваъз қилишга ҳаракат қилган. Диншунос Аҳмад Тангиев ўз она юрти Ингушетияда нуфузли имом ҳисобланган ва аксилтеррор маърифий тадбирларида иштирок этган. Исломшунос Муҳаммад Хенни “жамоатчиликка мойил тарғиботчи” деб аталган.

Экспертлар, мустақил нашрлар ва ҳатто ҳукуматга мойил Telegram-каналлар ҳибсга олинганлар Россия мусулмонлари диний идораси ва шахсан идора раҳбари, муфтий Равил Гайнутдин билан алоқадорлигини таъкидламоқда. “Озодлик радиоси” билан суҳбатда бўлган сиёсатшунос-исломшунос Руслан Айсин ҳамда Ринат Мухаметов гап Гайнутдин тузилмаларига тизимли зарба берадиган сиёсий таъқиблар ҳақида кетаётганига амин. Экспертлар бу кампания учун кучишлатар тузилмалар, жумладан, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) масъул деб ҳисоблайди.

Сиёсатшуносларнинг фикрича, Россия ҳукуматига содиқлигини намойиш қилишига қарамай, диний идора ва Гайнутдиннинг бошқа тузилмалари сўнгги вақтларгача Кремл сиёсатидан қисман автономияни сақлаб қолган. Мухаметовнинг таъкидлашича, диний идора раҳбарига алоқадор тузилмалар Россия давлат тизимига муваффақиятли сингиб кетган, бу эса ҳукуматга Туркия ҳамда араб давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берган. Шу билан бирга, Гайнутдин йиллар давомида Россияга ишлаш учун келган хорижликларни қўллаб-қувватлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳаракатларини танқид қилган.

Бошқа томондан, Гайнутдин Кремлни муфтиятларни бирлаштиришга тўсқинлик қилгани учун танқид қилди, масжидларни бузишга қарши чиқди ва масжидлар орқали хорижликларни Россия жамиятига интеграция қилишни таклиф қилди. У “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт ва Россия хавфсизлик кучлари томонидан уларга нисбатан босим кучайганидан кейин ҳам меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилишда давом этди. Шунингдек, яқинда у Путинга мурожаат қилиб, мусулмонларга масжидлардан ташқарида диний маросимларни ўтказишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқулламасликни сўраганди.

Киритилди: 22:18 29.05.2026. Ўқилди: 532 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!