РФ президенти Владимир Путин чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Россияда меҳнат фаолиятини патент олмасдан амалга оширишлари имконини берувчи фармонни имзолади.
Бунинг учун улар дактилоскопия (бармоқ излари) топшириши, гиёҳванд моддалар ҳамда хавфли инфекцион касалликлар бўйича тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлади.
Расмий ҳуқуқий ахборот интернет порталида эълон қилинган ҳужжатда белгиланишича, «чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органида бармоқ излари орқали шахсни идентификация қилиш жараёнидан ўтса, иш рухсатномаси ёки патент олмасдан меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга».
Яна бир шарт – тиббий кўрикдан ўтиш керак бўлади, унда гиёҳванд ёки психотроп моддаларни шифокор рецептисиз истеъмол қилиш, шунингдек, янги турдаги хавфли психоактив моддалар ёки атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли касалликлар бор-йўқлиги текширилади.
Мазкур фармонга кўра, бундай касалликлар қаторига, хусусан, ОИВ ҳам киритилган.