Янги қонун РФ фуқаролари хорижий судлар томонидан ҳибсга олинганда ёки таъқиб қилинганда Қуролли кучларни жалб қилиш имконини беради.
Россия парламенти РФ фуқароларини хорижий ва халқаро судлар томонидан ҳибсга олиш ёки таъқиб қилиш ҳолатларида уларни ҳимоя қилиш учун қуролли кучлардан фойдаланишга рухсат берувчи қонунни қабул қилди.
Ҳужжат иккинчи ва учинчи ўқишдаёқ маъқулланди.
Қонунга кўра, Россия президенти россияликларни ҳимоя қилиш учун, агар уларга нисбатан суд қарорлари Россия томони иштирокисиз қабул қилинган бўлса, армияни жалб қилиши мумкин.
Шунингдек, президент қарорига асосан давлат органлари РФ фуқароларини хорижда ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар кўриши ҳам назарда тутилган.
Ташаббус Россия ҳукумати томонидан 2026 йил март ойида киритилган эди. Президент имзолагандан сўнг қонун расман эълон қилинганидан кейин ўн кун ичида кучга кириши кутилмоқда.