Бу ҳақда унинг адвокати Икромиддин Айтқулов маълум қилди.
"Қирғизистон Бош прокуратураси Қамчибек Ташиевга нисбатан айблов хулосасини тасдиқлади. Иш мазмунан кўриб чиқиш учун Бишкек шаҳрининг Первомайский туман судига юборилган. Мазкур ишда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари билан бирга яна етти нафар айбланувчи иштирок этмоқда", — деди адвокат.
Ташиев “Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш ёки ушлаб туриш, шунингдек, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар” ва “Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” моддалари билан айбланганди.
Маълум қилинишича, жиноят иши махфийлаштирилган. Шу сабабли суд мажлислари ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтади. Тергов ва суд маълумотларини ошкор қилиш қатъиян тақиқланди.
Шу йилнинг 10 февралида Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қамчибек Ташиевни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод этди. Жапаров Ташиевнинг яқин атрофидаги одамлар депутатларга қўнғироқ қилиб, уларни “генерал томонига ўтиш” ва “янги президентлик сайловини бошлаш”га чақирганини айтганди.
Қамчибек Ташиев ишдан олинганида хорижда даволанаётган эди. У ўз истеъфосини “кутилмаган қарор” деб атаган. Қирғизистон президенти эса бу уларнинг дўстлигига таъсир қилмаслигини айтган ва эндиликда Ташиев давлат хизматида ишламаслигини таъкидлаганди.