Кениянинг шимоли-ғарбий қисмида лицензиясиз олтин конининг қулаши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Anadolu Ajansi агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлардан 10 нафари аёллар.
Яна 12 киши тирик қолган ва ҳозирда касалхонада.
Қутқарув ишлари давом этмоқда ва қолган кончиларни қидириш ишлари олиб борилмоқда. Кения Қизил Хоч Жамияти қурбонлар сонининг кўпайиши эҳтимолини истисно қилмади.
Ҳодиса пойтахт Найробидан 400 километр шимоли-ғарбда жойлашган Румос тепаликлари ҳудудида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, катта тош қулаши оқибатида кон деворларининг қулаши аварияга сабаб бўлган.