Ҳужжат матни Россиянинг расмий қонун ҳужжатлари порталида эълон қилинди.
Мазкур келишувга кўра, Россия ва Ҳиндистон бир-бирининг ҳудудига 3 минг нафаргача аскар, 10 та ҳарбий самолёт ва 5 та ҳарбий кема юбориши мумкин. Бу икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган битим доирасида амалга оширилади.
Ушбу кучлар қўшма ҳарбий машғулотлар, ўқув йиғинлари, гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳамда табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш каби вазифалар учун юборилади.
Ҳарбий самолётлар ва кемаларнинг кириб келиши дипломатик каналлар орқали олдиндан хабардор қилиш тартибига асосланади. Самолётлар камида 14 кун олдин, кемалар эса белгиланган тартибда портга киришдан олдин огоҳлантирилиши керак.
Россия ташқи ишлар вазирлиги бу ҳужжат икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирган.